Монополияга қарши қўмита: "Рекламани ўзбек тилида қўй деб буйруқ беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ"

июн 27 / 2019
alt
 
“1998 йилда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида рекламага қўйилган талаб кўрсатиб ўтилган. Яъни, реклама берувчининг хоҳишига кўра у хоҳлаган тилда бўлиши мумкин. Реклама агентлиги ёки реклама берувчига рекламани ўзбек тилида қўй деб буйруқ беришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу қонунда аниқ белгилаб қўйилган”, — Монополияга қарши курашиш қўмитаси бошқарма бошлиғи Дилшод Азимов матбуот анжуманида бу ҳақда таъкидлаб ўтди.
 
Қўмита вакили “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири муҳокама учун Regulation.uz сайтига рус ва ўзбек тилларида қўйилгани, лекин кўпчилик томонидан фикр билдирилмаганини танқид қилди.
 
“Қонуннинг янги таҳрири жамоатчилик муҳокамасига қўйилганига қарийб бир ой бўлган бўлса-да, ҳозирга қадар бор-йўғи 12 та шарҳ ёзиб қолдирилган, холос, — деди Дилшод Азимов. —  Биз мингдан ортиқ муносабат билдирилса керак, деб ўйлагандик”.
 
Мазкур қонун лойиҳасида қўшимча ва ўзгаришлар назарда тутилгани, жумладан, энди ОАВ қайси тилда фаолият юритса, ўша тилда реклама бериш ҳуқуқи кафолатланиши маълум қилинди.
 
“Шу қонунда биз янги норма киритяпмиз, энди реклама ўзбек тилида бўлади. Реклама берувчининг хоҳишига кўра қўшимча равишда бошқа тилда дубляж қилиниши мумкин, — деди Азимов. — Оммавий ахборот воситаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида рўйхатдан ўтаётганда қайси тилда фаолият юритиши белгиланган бўлса, ўша тилда реклама бериш ҳуқуқига эга бўлади. Агар, дейлик бирор радиоканал қозоқ тилида эфир олиб борса, қозоқ тилида реклама беришга ҳақли бўлади”.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *