Миллий боғ ҳудудида Тошкент музейи ташкил этилади

янв 11 / 2020

alt

Президент Шавкат Мирзиёев 11 январь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғига ташриф буюрди.   

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги қарорига мувофиқ, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли ёзувчи ва шоирларнинг тарихий хотирасини абадийлаштириш, ёш авлоднинг маданий-маърифий савиясини юксалтириш мақсадида Миллий боғ ҳудудида Адиблар хиёбони барпо этилмоқда. 

Бу хиёбон Алишер Навоий ҳайкали билан уйғун бўлиб, яхлит меъморий ансанбль ҳосил қилиши учун янги лойиҳа ишлаб чиқилди. Унга кўра, 8 гектардан зиёд ҳудуд ободонлаштирилиб, Алишер Навоий ҳайкалини қайта ўрнатиш белгиланган.

alt

Шавкат Мирзиёев бу ерда олиб борилаётган ишлар, ҳайкаллар кўринишига оид лойиҳалар билан танишди. Ҳайкаллар ёнида лавҳлар ўрнатиб ҳамда аудиоёзувлар орқали ҳар бир адиб ҳақида қисқача маълумот бериш, уларнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган тадбирлар ўтказиш учун қўшимча шароит яратиш зарурлигини таъкидлади. Алишер Навоий ҳайкали гумбазини безатиш, ҳудудни ободонлаштириш юзасидан кўрсатмалар берди.

alt

Собиқ Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмаси биноси реконструкция қилиниб, у ерда Тошкент музейи ташкил этилиши режалаштирилган. Давлатимиз раҳбари унинг концепциясига оид лойиҳалар билан танишиб, музейнинг мазмун-моҳиятини бойитиш бўйича ўз фикрларини билдирди.

– Тошкент тарихи, бу ерлик алломалар мероси ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Бу жой илмий асосланган, шаҳарнинг буюк ўтмишини ёшларга, меҳмонларга етказадиган маскан бўлиши керак, – деди Президент.

alt

Музейни Ўзбекистон тарихи давлат музейининг филиали тарзида ташкил этиб, малакали илмий ходимларни жалб қилиш, замонавий ахборот технологиялари билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берилди.

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *