АҚШдаги нодавлат ташкилотлардан бири узоқ танаффусдан сўнг Ўзбекистонга қайтди

мар 11 / 2020
alt2020 йил 9 март куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти “Mehribonlik Korpusi” (Mercy Corps)нинг (АҚШ) Ўзбекистондаги филиали давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
 
Филиал уставига мувофиқ, унинг асосий мақсадларидан бири қишлоқ ва шаҳарлардаги оилаларнинг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида хусусий, давлат ва жамоат ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш ва янада мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим муассасаларининг ўқитиш, мутаносиб овқатланиш ва уларнинг инфраструктурасини яхшилаш учун Ҳукумат билан ҳамкорликда таълим сифатини оширишдир.
 
Филиал АҚШнинг қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан молиялаштириладиган “Ўзбекистонда таълим ва болалар овқатланиши учун озиқ-овқат маҳсулотлари” лойиҳасини 2020-2025 йилларда амалга оширишни режалаштираётганлигини билдирди.
 
Мазкур лойиҳа Қорқалпоғистон Республикаси ва Сурхондарё вилоятидаги мактабгача таълим муассасаларида мутаносиб овқатланиш ва уларнинг инфраструктурасини яхшилашга мўлжалланган.
 
Филиалнинг фаолияти асосан қишлоқларда ва имконияти чекланган ҳудудлардаги 410 та мактабгача таълим муассасаларига йўналтирилган бўлиб, ушбу муассасаларда таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилади, шунингдек, улар сув таъминоти ва санитария ҳолатини яхшилаш учун қўшимча имкониятларга эга бўлади.
 
Лойиҳа ва уставда назарда тутилган фаолиятининг бошқа йўналишлари доирасида филиал мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълими ҳамда соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш истагини билдирмоқда.
 
Маълумот учун, мазкур ташкилот 2006 йилда Ўзбекистонда солиқ қонунчилигини бузганликда айбланган ва кейинчалик фаолиятини тўхтатиб қўйганди. Орадан 13 йил ўтиб, улар яна Ўзбекистонга қайтадиган бўлди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *