Меҳнат вазирлиги Андижонда умумхалқ ҳашари ўтказилишига муносабат билдирди

ноя 15 / 2018

alt

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Андижон вилояти ҳокимининг жорий йил ноябрь ва декабрь ойларини вилоятда “маънавият ойи” деб эълон қилган қарори бўйича баёнот берди. 

13 ноябрь куни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти ҳокимининг жорий йил ноябрь ва декабрь ойларини вилоятда “маънавият ойи” деб эълон қилган қарори тарқалди. Ҳокимнинг тегишли буйруғига мувофиқ, шу йилнинг ноябрь ойи иккинчи ўн кунлигида Андижон вилоятида хайрия ҳашарини ўтказиш режалаштирилмоқда. Ҳашар муносабати билан ҳудуддаги барча давлат ва нодавлат ташкилотлар ходимларининг бир кунлик маоши ихтиёрий асосда вилоят ҳокимиятининг махсус ҳисоб рақамига ўтказилади. 

Вазирлик баёнотида таъкидланишича, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ҳашарлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарорига мувофиқ қуйидаги шартларга қатъий риоя этилган ҳолда фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади ва ўтказилади:

– умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлганда;

– ҳашарлар унда иштирок этадиган шахслар меҳнат қиладиган тегишли ташкилот ҳудудида меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилади;

– ҳашарлар доирасида барча бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш ишлари амалга оширилади.

Андижон вилояти ҳокимига Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясининг кўрсатмаси юборилган:

– Андижон вилояти ҳокимининг 2018 йил 7 ноябрдаги 207-Ф сонли буйруғини қонунчиликка мувофиқлаштириш тўғрисида;

– ҳашарни ўтказиш жараёнида Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сон қарори ва амалдаги қонунчилик талабларига амал қилиш зарурлигини инобатга олиш;

– ўн кун муддатда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотларни Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига тақдим этиш. 

Вазирлик меҳнатга мажбурий жалб қилиш ҳолатлари кузатилганда мурожаат қилиш учун +998 71 200 06 02 рақамлари ва @mehnathuquqbot телеграм бот ишонч тармоқлари фаолият кўрсатаётганини эслатади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *