«Масъулиятсизлик ва бепарволик қотилликка сабаб бўлди» - Эркинжон Турдимов Самарқандда юз берган қотиллик ҳақида

мар 29 / 2019

alt

Foto: Zarnews

Шу йилнинг 28 март куни соат тахминан 13:00 ларда Самарқанд шаҳар ”Кўксарой” маҳалласида қотиллик жинояти содир бўлиб, уни икки нафар фарзанднинг онаси, 1960 йилда туғилган, вақтинча ишсиз И.Попова содир этган. У таниши, 1949 йилда туғилган Н.Ерёминанинг хонадонида биргаликда тушлик қилиб ўтириб, келиб чиққан ўзаро келишмовчилик оқибатида унинг бошига темир чойнак билан уриб, сўнг бўғиб ўлдирган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан И.Поповага нисбатан жиноят иши қўзғатилган, дея хабар бермоқда ЎзА.

alt

29 март куни ушбу жиноят Кўксарой маҳалласи аҳолиси ва шаҳар жамоатчилиги иштирокида муҳокама этилиб, унда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, вилоят прокурори ва ички ишлар бошқармаси бошлиғи иштирок этган.

Вилоят ҳокими жиноят юзага келиши сабаб бўлган омилларга тўхталиб, бу аввало маҳалла аҳолисининг бепарволиги, фуқаролар йиғини раиси ва ходимларнинг, профилактика инспекторининг ўз вазифасига масъулият билан қарамагани оқибати эканлигини таъкидлаган.

"Жиноят содир бўлган хонадонни бориб кўриб, шунга амин бўлдикки, у ерда мана шундай мудҳиш иш юзага келишига олиб келувчи муҳит бўлган, – деди Э.Турдимов. – Лекин бунга қарши на маҳалла, на профилактика инспектори ва на хотин-қизлар қўмитаси чора кўрган. Бу икки аёлнинг ичкиликка ружу қўйганлигини айтишяпти. Шундай бўлса, нега ҳудудга масъул оилавий поликлиника масъуллари ёки маҳалла шу пайтгача уларни рўйхатга олиш, соғломлаштириш чораларини кўрмаган? Ахир оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга ёрдам кўрсатиш бўйича давлат миқёсида шунча эътибор кўрсатиляпти-ку. Нега, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, маҳалладаги мутахассис бу хонадонга кириб, бу ердаги ҳолат ҳақида бонг урмади? Нима учун, вазиятни ўнглаш чоралари кўрилмади?”

“Мана, бепарволик, масъулиятсизликнинг оқибати. Албатта, жиноятга қўл урган шахсга нисбатан тегишли жазо қўлланилади. Аммо ана шу жиноятнинг юзага келишига сабаб бўлган шахсларнинг фаолиятига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади. Шуни унутмайликки, жамиятда, маҳалламизда рўй берган ҳар бир жиноят барчамизнинг эътиборсизлигимиз, бепарволигимиз оқибатидир. Ҳаммамиз ўз ҳудудимиз тинч-осойишта бўлишини, хотиржам ҳаёт кечиришни истар эканмиз, бунга аввало ўзимиз масъул бўлишимиз, атрофдаги воқеа-ҳодисаларга бефарқ бўлмаслигимиз керак”.

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг  

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *