Лола Каримова-Тилляева туғма юрак нуқсони бўлган 5 нафар ўзбекистонлик болани Францияда операция қилдирди

мая 10 / 2019
alt
 
Лола Каримова-Тилляеванинг "Sen Yolg’iz Emassan" Фонди томонидан оғир туғма юрак нуқсони билан касалланган беш нафар ўзбекистонлик болалар шошилинч жарроҳлик ва интенсив кардиологик ёрдам олиш учун Францияга жўнатилди. 
 
Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларидан 3 ойдан 9 ёшгача бўлган 4 нафар болага Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада профессор Оливье Барон бошчилигидаги етакчи француз кардиожарроҳлари томонидан юрак операциялари бажарилди. Бу ҳақда Каримов фонди хабар беради.
 
Ўртача етти соат давом этиб, муваффақиятли ўтган операциялардан сўнг, болалар уч ҳафта давомида франциялик шифокорлар назоратида бўлишди. Ушбу гуруҳдан бўлган бешинчи бола Нант педиатрик клиникасининг интенсив кардиология бўлимида тўлиқ текширув ва даволаниш жараёнидан ўтди.
 
Ҳозирги кунда болаларнинг соғлиғи анча яхши бўлиб, реабилитация курси тугагач, куни-кеча улар оналари билан биргаликда ватанларига қайтиб келдилар.
 
"Sen Yolg'iz Emassan" Фондининг молиявий кўмаги билан шу кунга қадар франциялик кардиожарроҳлар томонидан ўзбекистонлик кам таъминланган оила фарзандлари ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига 110 дан ортиқ мураккаб юрак операциялари бажарилди, улардан 20 таси Франциянинг Нант шаҳридаги клиникада амалга оширилди.
 
Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *