Косонсойда ўқитувчиларни мажбуран бетон қуйишга чиқарган халқ таълими бўлими мудири ишдан олинди

июл 08 / 2019
 
Наманган вилояти, Косонсой туман марказида ташкил этилаётган “Яшил хиёбон” ҳудудида халқ таълими тизимида фаолият юритувчи техник ходимларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолати ўрганиб чиқилди.
Халқ таълими вазирининг Ҳуқуқий-назорат хизматининг ўрганиши натижасига кўра, 28 июнь куни “Обод марказ” Давлат дастури асосида ҳар бир таълим муассасасига 10 метрдан жой ажратилиб, директорларга бетон қуйиш ҳамда ободонлаштириш ишларини бажариш юзасидан топшириқ берилган.
 
Топшириққа асосан, 29 июнь куни туман халқ таълими тизимининг 80 нафар техник ишчи ходимлари янги барпо этилаётган “Яшил хиёбон” ҳудудида “шанбалик” ниқоби остида эни 1,5-2 метр, узунлиги 410 метр жойга бетон қуйиш ва ободонлаштириш ишларига мажбурий жалб этилганлиги маълум бўлган.
 
Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш натижаси бўйича Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасини вақтинчалик бажарувчи Ф.Н. вазифасидан озод этилди. М.Аллохонова Косонсой тумани халқ таълими бўлими мудири вазифасига тайинланди.
 
Косонсой туманидаги умумий ўрта таълим мактабларининг 80 нафар ишчи ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида Бош прокурор номига 4 июль куни хат юборилди.
 
Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларнинг шикоятларини қабул қилувчи виртуал инспекторни ишга туширган. Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилганида, ҳуқуқлари бузилганда ёки турли тўловларга мажбурланган ҳолатларда ovoz.uzedu.uz сайти ёки +998 99 988 10 06 телефони ва телеграм рақамига мурожаатларини юборишлари мумкин.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *