Олмалиқда фуқаролар коронавирусдан ўлганмиди? Расмий муносабат билдирилди

мар 12 / 2020
alt
Ижтимоий тармоқларда тарқалган Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг кириб келганлиги, ҳаттоки, Олмалиқ шаҳрида ушбу вирус туфайли 17 нафар фуқаро вафот этганлиги ҳақидаги аудиохабар мутлақо асоссиз ва ёлғон, деб ёзмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
 
Қайд қилинишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ёпиқ йиғилиш ўтказилганлиги ҳақидаги иддао ҳам умуман асоссиз. Аслида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасидаги амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар ҳақида кенг жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилмоқда.
 
Маълумот учун, Ўзбекистон давлат чегараларида мавжуд 53 та санитария-карантин пунктларига қўшимча шифокор мутахассислар, зарур тиббий жиҳозлар, жумладан, тепловизор ва контактсиз термометрлар, шахсий ҳимоя воситалари ажратилиб, фаолият самарадорлиги кучайтирилган.
 
Мазкур пунктлардан ўтаётган ҳар бир фуқаронинг яшаш жойи бўйича маълумотлар олиниб, бирламчи тиббиёт муассасалари томонидан тиббий кузатув йўлга қўйилган. Сўнгги маълумотларга кўра, жорий йилнинг 15 январидан айни пайтга қадар мамлакатимиз бўйича 14 кунлик тиббий кузатувга олинган фуқаролардан 5082 нафарида ҳеч қандай инфекция аломатлари аниқланмаганлиги учун кузатувдан чиқарилган, 2214 нафар фуқароларда эса тиббий кузатув давом эттирилмоқда.
 
Айни пайтга қадар юртимизда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирон бир ҳолат аниқланмаган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *