Коронавирусининг тарқалиши билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда

янв 29 / 2020

alt

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари берган маълумотга кўра Хитой Халқ Республикаси Ҳукумати кўраётган қатъий чораларга қарамасдан коронавируснинг янги шакли (2019-nCoV) тарқалиши билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда, деб хабар қилади ТИВ матбуот хизмати.

Вирусни юқтирганлар сони 6 мингдан кўпроқни ташкил қилиб, касалликдан вафот этганлар сони эса 130 нафардан ошди. Бундан ташқари касалга чалинганлар қатор бошқа давлатларда ҳам аниқланди.

Ўзбекистоннинг Хитойдаги Элчихонаси ва Бош консулхонаси Ухан шаҳри ва карантин жорий қилинган бошқа шаҳарлардаги ҳамюртларимиз билан доимий алоқада бўлиб турибди ҳамда марказий ва маҳаллий ҳукумат идоралари билан биргаликда юзага келаётган муаммолар, шу қаторда маиший масалаларни тезкорлик билан ҳал қилмоқдалар.

Ватандошларимизнинг соғлиғига бўлган эҳтимолий хавф-хатарларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон фуқароларига Хитойга хизмат, туристик ва бошқа мақсадларда ташриф буюришдан тийилиб туришлари қатъий тавсия этилади.

Январ ойида Ухан шаҳридан ватанга қайтиб келган ўзбекистонлик талабалар зудлик билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига +998909882330 (директор ўринбосари Б.Қурбонов), +998972755074 (бош мутахассис Ф.Қурбонбеков) телефон рақамлари орқали боғланишлари зарур, дейилади хабарда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *