Комил Алламжонов ноширлик коллежига китоб совға қилди

мар 25 / 2019

alt

Бутун Ўзбекистон бўйлаб #kitobulash ҳеш-теги билан китоб совға қилиш акцияси бошланди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежи кутубхонасига китоблар жамланмасини совға қилди. Бу ҳақда Агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Шу йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшларларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, китобхонликни тарғиб қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш масаласига алоҳида тўхталиб, “Ҳар бир раҳбар ўзининг шахсий кутубхонасидан ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар совға қилса, бу яхши ташаббус бўлиб китобхонликни ривожлантириш билан фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади”, деб таъкидлади.

alt

Президентимизнинг ушбу ташаббуси давлат органлари, кенг жамоатчилик томонидан қизғин қўллаб-қувватланмоқда.

Агентлик раҳбар-ходимлари, коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда таълим маскани кутубхонаси 300 дан ортиқ китобга бойиди.

“Давлатимиз раҳбари томонидан ўртага ташланган бу ташаббус бевосита келажак авлод тақдири билан боғлиқ, – деди Комил Алламжонов. – Инсон қанча кўп китоб ўқиса, маънавияти шунча юксалади, дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати ўзгаради. Агар китобларимиз сифатли, мазмунли чиқишини хоҳласак, бўлажак ноширларга кўпроқ китоб совға қилишимиз, уларни китобга дўст қилишимиз керак”.

alt

Шундан сўнг Комил Алламжонов Агентликнинг Ноширлик-матбаа фаолияти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш касб-ҳунар коллежи билан танишди.

Айтиш керакки, ушбу таълим муассасаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 февралдаги Фармонига мувофиқ Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тасарруфига ўтказилган.

Ҳозир мамлакатимизда 1700 дан зиёд матбаа корхонаси фаолият юритмоқда. Коллеж мазкур корхоналарга ўрта махсус маълумотли кадрларни тайёрлаб беради. Таълим масканида 800 дан ортиқ йигит-қиз “Матбаа ишлаб чиқариш техник-технологи”, “Дастурий инжиниринг техниги”, “Ахборот-ресурс маркази кутубхоначиси”, “Ҳисобчи” каби 6 йўналиш бўйича таълим олмоқда.

“Ихтисосликлар ва ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш замон талаби, деб ҳисоблайман, – деди Агентлик раҳбари. – Чунки бизга матбаа соҳасида инновацион технологияларни бошқарадиган замонавий мутахассислар керак”.

Ўқувчиларга ҳар томонлама шароит яратиш мақсадида коллеж биноси, синфхоналар, мажлислар зали, ташқи спорт мажмуаси тўлиқ таъмирдан чиқарилади. Коллеж ҳовлисида фойдаланилмай ётган омборхона бузилиб, ўрнида икки қаватли тренажёр зали қурилади. Натижада нафақат ўқувчилар, балки ён-атрофдаги маҳалла ёшлари ҳам шуғулланиши учун имкон яратилади.

Қайд этилганидек, матбаа соҳасидаги технологиялар йилдан-йилга янгиланмоқда. Лекин коллежда мавжуд аксарият ўқув қўлланмалар маънан эскирган. Жавонларда ўтган аср техникалари ҳақидаги китоблар ҳам йўқ эмас. Шу боис таълим ресурсларини янгилаш, янги авлод дарсликларини яратиш устида иш бошлаш лозимлиги таъкидланди.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *