Келгуси ҳафта Ўзбекистонда яна аномал иссиқ кузатилади – "Ўзгидромет"

июл 23 / 2019

alt

Ўрта Осиё иқлими учун бу йилги июль ойи жуда иссиқ келди. Ой ҳали тамом бўлмаган бўлса-да, бутун метеорологик кузатувлар даврида юртимизнинг кўпгина жойлари, жумладан, Тошкент шаҳрида энг иссиқ июль ойини бошдан кечирдик – “Ўзгидромет” маркази бош синоптиги Ирина Зайцева бу ҳақда ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.
 
Унинг сўзларига кўра, 11 июлдан ҳаво ҳарорати меъёрдан 5-7 даражага, айрим жойларда ундан ҳам юқори бўлди. Масалан, Тошкентда максимал ҳарорат ҳар куни 40 даражадан ошди. Энг жазирама кунларда 42-43 даражага етди. Шимолий, жанубий районлар ва чўл зоналарида бундан ҳам иссиқ бўлиб, кундузи ҳарорат 44-46 даражага кўтарилди.
 
Аслида, бундай ҳароратларни бизнинг иқлим шароитимизда одатдан ташқари деб бўлмайди. Ваҳоланки, иссиқ ҳавони атмосферадаги жанубий-ғарбий оқимлар келтириб чиқаради, иссиқ ҳаво юртимиз ҳудудига асосан Эрондан кириб келади. Аммо, бу даврнинг узоқ давом этганлиги дарҳақиқат аномал об-ҳаво ҳодисасидир.
 
Агар кузатувларга мурожаат қиладиган бўлсак, бундай иссиқ июль 2018 йилда қайд этилган. Тошкентда максимал ҳарорат 43 даражагача, жанубда 46-47 даражагача етган. Яъни ҳарорат бу йилдаги қийматларга яқин бўлган.
 
Пойтахтимизда энг иссиқ ҳарорат эса бутун кузатувлар даври мобайнида 1997 йил 18 июль куни қайд этилган. Ўшанда ҳарорат 44.6 даражани ташкил қилган, – дейди бош синоптик.
 
Ёзнинг иссиқ келиши қишдаги совуққа қанчалик боғлиқ?
 
– Бу икки мавсумдаги об-ҳавони бир-бири билан боғлаш нотўғри. Бу “гипотеза”нинг назарий жиҳатларига тўхталмасдан, бир мисол келтирамиз.
 
2017-2018 йилдаги қиш фасли меъёрга яқин бўлди. Ўша қишда аномал совуқлар кузатилмади. Фақат қисқа даврларда ҳавонинг ҳарорати ўртача совуқ бўлди. Шунга қарамасдан ёзнинг ўртаси жуда иссиқ бўлди. 2018-2019 йил ёдингизда бўлса, қиш жуда илиқ келди. Ёз эса яна аномал иссиқ ҳавоси билан “ўзини кўрсатди”. Шунинг учун қишдаги совуқ ҳароратлар билан ёздаги жазираманинг ҳеч бир-бирига боғлиқлиги йўқ.
 
Ҳароратни ўлчашда сояга асосланар экансизлар? Бироқ, одамлар очиқ ҳавода юради. Шуни ҳисобга олиб, қуёшда бунча даража, сояда эса кўрсаткич бундай, деган маълумотларни тақдим этса бўлмайдими?
 
– Биз бундан аввал ҳам ҳароратнинг қандай ўлчаниши тўғрисида маълумот берган эдик. Бу билан ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, умуман аҳоли ўртасида норозилик пайдо қилдик. Иссиқдан азият чекаётган ва қийналаётган одамларни ишонтириш жуда қийин, лекин бунда синоптикларнинг айби йўқ.
 
Тўғри қуёш нурлари остида (очиқ ҳавода) бўлган инсон ҳаво ҳароратини эмас, қуёшдан келаётган, ер юзасидан кўтарилаётган ҳамда атрофдаги қизиган предметлар ўзидан чиқараётган энергия таъсирида иссиқлик босимини ҳис этади. Бу иссиқлик таъсирини ўлчашнинг иложи йўқ. Агар сиз асфальтда ёки яшил ўт устида, очиқ жойда ёки бетондан қурилган баланд бинолар орасида турсангиз, ёки умуман машинада кетаётган бўлсангиз, ҳарорат турлича сезилади. Ҳаттоки эгнингиздаги кийимингиз тайёрланган мато тури ва ранги ҳам роль ўйнайди. Инсон қуёш остида ҳис қиладиган ҳароратни ўлчаб ҳам, прогноз қилиб ҳам бўлмайди.
 
Бутун дунёда ҳарорат Жаҳон метеорология ташкилоти ишлаб чиққан ягона стандартлар асосида ўлчанади. Ҳозир Интернет орқали ҳам, ОАВ да ҳам дунёнинг исталган мамлакатидаги об-ҳавони билиб олиш мумкин. Энг иссиқ мамлакатлардаги ҳарорат кўрсаткичларига бир қаранг, ҳеч қаерда ҳамюртларимиз иддао қилаётган ҳарорат кўрсаткичларини кўрмайсиз. (“бизда 50-60 даражага чиқди, синоптиклар алдаяпти” деб кўп гапирилди). Ваҳоланки, Ўзбекистон энг иссиқ мамлакатлар қаторига кирмайди.
 
Жаҳонда энг юқори ҳаво ҳарорати АҚШнинг Калифорния штатидаги Ўлим водийсида 1913 йилда қайд этилган (56,7°С). Шунга яқин ҳароратлар турли йилларда Африкада ва Яқин Шарқда кузатилган. Ўзининг географик жойлашуви ва иқлимий шароитларига кўра Ўзбекистон бу ҳудудлар билан умуман “беллаша олмайди”.
 
Ўзбекистонда энг юқори ҳарорат Қизилқум чўлида ва Термиз шаҳри яқинида қайд этилди. (50°С).
 
Бундай иссиқ кунлар яна қанча давом этиши мумкин?
 
– Бу ҳафтанинг бошидан Ўзбекистоннинг шимолий туманларига Волгабўйи ҳудудидан ҳаво оқими кириб келиши натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида, юртимизнинг чўл зоналарида ҳарорат фони бироз пасайди. Яқин кунларда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ҳам ҳарорат бироз пасайиб, 24-26 июль кунлари Ўзбекистоннинг катта қисмида кундузи ҳарорат 37-40 даража атрофида бўлади.
 
Аммо, кейинги ҳафтанинг бошида юртимизга яна иссиқ ҳаво оқими кириб келади. Шунинг учун июль ойининг охирги ва август ойининг биринчи кунлари яна жуда иссиқ бўлади. Бироқ, бу иссиқ қанчалик узоқ давом этиши тўғрисида ҳозирча башорат қилиш қийин.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *