Тошкентда сўнгги 10 кунда 114та ҳолатда коронавирус аҳоли ўртасида аниқланган. Президент карантин чораларини кучайтириш бўйича топшириқ берди

мая 26 / 2020
alt
Президент Шавкат Мирзиёев 26 май куни инвестиция масалалари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши аввалида мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида гапира туриб, сўнгги кунларда инфекцияга чалинган беморлар сони ошаётганига урғу берди.
 
Бугунги кунда 40 та туман (шаҳар) “қизил”, 45 таси “сариқ” ҳудуд сифатида қолмоқда. Энг ташвишлиси, ўтган 10 кунда аҳоли ўртасида касалланганлар сони ҳам ошиб бормоқда. Жумладан, Навоийда 57 та, Самарқандда 73 та, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 114 та шундай ҳолат аниқланган.
 
Айниқса, бозорлар, савдо комплекслари, банкларда ижтимоий масофага амал қилмаслик, кўча-кўйда тиббий ниқоб тақмаслик, бемалол ва хотиржам бўлиб, уйларда турли тадбирлар ўтказиш ҳолатлари кўпаймоқда.
 
Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилаётган барча ҳаракатларимиз, бюджетдан олинаётган триллионлаб харажатларимиз натижадорлигини йўққа чиқариши мумкин.
 
Президент Республика махсус комиссиясига вилоят ҳокимлари билан бирга бир кун муддатда эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларнинг тоифасини қайта кўриб чиқиш ҳамда карантин чораларини кучайтириш бўйича таклиф киритиш бўйича топшириқ берди.
 
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги “қизил” ва “сариқ” ҳудудларда кунлик тест олиш сонини ошириши лозим. Бунда тиббиёт муассасалари, бозорлар, банклар ва аҳоли кўп жойларда назорат тестлар олишни кўпайтирсин», дея гапириб ўтди президент.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *