Фарғонада журналист 15 суткага қамалганди, бу муддат 2 кунга қисқартирилди

мая 29 / 2020
alt
Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан чиқарилган 15 кунлик маъмурий қамоқ муддати 2 кунга қисқартирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар берди.
 
29 май куни Фарғона вилояти маъмурий суди кассация инстанцияси Фарғона вилоят телевидениеси мухбири Усмонжон Қодировга нисбатан Фарғона шаҳар маъмурий судининг 27 майдаги қарорини ўзгартирди.
 
27 май кун куни Усмонжон Қодировга МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 1-қисми билан 15 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланган эди.
 
Кассация инстанцияси биринчи инстация суди Усмонжон Қодировга нисбатан жазо тайинлашда айбига иқрорлигини, чин кўнгилдан пушаймонлигини, оилада ягона боқувчи эканлигини инобатга олмай, бир мунча оғир жазо тайинлаганини тан олди.
 
Кассация инстанцияси қарорига кўра, 15 сутка қамоқ жазоси ўзгартирилиб, 2 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазо тайинланди. Бугун, 29 май куни журналистга жавоб берилиши кутилмоқда. Шунингдек, Усмонжон Қодиров маъмурий қамоқ ҳаражатларидан озод қилинди.
 
Суд қарорида айтилишича, Усмонжон Қодиров 27 май куни соат 15:30 лар атрофида Фарғона вилоят ҳокимлиги биноси олдида юзига ниқоб тақмасдан кетаётган бўлган. Уни шу ҳудудда хизмат вазифасини бажараётган Фарғона шаҳар ИИБ профилактика инспектори М.Ҳамралиев тўхтатиб, шахсини аниқлаш учун ИИБ таянч пунктига бориши лозимлигини айтган.
 
Суд ҳужжатида келтирилича, Усмонжон Қодиров ИИБ ходимини қонуний талабларини бажармасдан, ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини давом эттирган ва М.Ҳамралиевни уятли сўзлар билан сўкиб, бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг осойишталигини бузган.
 
Усмонжон Қодиров кассация шикоятида, суд қилмишидан пушаймонлигини ва жабрланувчидан кечирим сўраганлигини инобатга олмасдан оғир жазо тайинлагани сабабли, жазони енгиллаштиришини сўраган. Ўз навбатида, М.Ҳамралиев ҳам Усмонжон Қодиров ундан кечирим сўрагани сабабли уни кечирганини, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини инобатга олиб суд томонидан тайинланган маъмурий қамоқ жазосини енгиллаштиришни сўради.
 
Кассация инстанцияси суди, кассация шикоятларини иш материалларига қўшиб, текшириб чиқиб, иш материалларини таҳлил қилиб, қуйидаги асосларга кўра суд қарорини ўзгартириб, кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим топди.
 
Қайд этилишича, касация инстанция судида жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этган Фарғона ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Обидов Усмонжон Қодировни ижобий тавсифлаган ва қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, унга нисбатан қонунда назарда тутилган енгиллик беришни сўраган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *