Истеъмолчи "бўйнига осилган" 44 млн сўм бекор қилинди

мая 13 / 2019

alt

Касби туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига тумандаги “Месит” қишлоғида яшовчи фуқаро Карим Очилов электр таъминоти корхонаси томонидан расмийлаштирилган далолатномага асосан қўлланилган жарима асоссиз эканлигидан норози бўлиб мурожаат қилди, деб ёзмоқда ЎзА.

Қайд этилишича, 2017 йилнинг 17 январида электр таъминоти корхонаси собиқ назоратчилари З.Хусенов, М.Рўзиев ва Р.Мукаррамовлар томонидан К.Очиловнинг номига 10237-000300-сонли далолатнома расмийлаштирилиб, унга нисбатан 44 044 294 сўм жарима қўлланилган. Бунга хонадондаги тегирмоннинг ҳисоблагичи жойида эмаслиги қоидабузарлик сифатида кўрсатилиб, тўла қувват бўйича қайта ҳисоб-китоб амалга оширилган. Яъни, иккита двигатель учун 8,6 кВт ҳамда иккита ёритгич учун 0,2 кВт электр сарфи ҳисобланиб, уч йиллик даъво муддати бўйича қайта ҳисоб-китоб қилинган.

Ўрганиш жараёнида, мазкур далолатнома амалдаги “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари” талабларига зид равишда расмийлаштирилганлиги аниқланди. Биринчидан, К.Очилов 2014 йилнинг апрель ойида электр таъминоти корхонасини тегирмони ишламаслиги тўғрисида ёзма равишда хабардор этган ва электр сарфи ҳисобини тўхтатган.

Иккинчидан, ёзма хабарни олгач электр таъминоти корхонаси энергияни тармоқдан узиб қўйиши лозим эди. Қолаверса, тегирмонга уч фазали юқори кучланишли энергия уланганлиги сабабли истеъмолчи уни мустақил тарзда узиб ташлашга ҳақли эмас. Амалдаги хавфсизлик талаблари ҳам бунга йўл бермайди. Бундан ташқари, 2014-2017 йиллар мобайнида ҳудуд назоратчиси томонидан 15 марта назорат ишлари олиб борилган бўлиб, тегирмоннинг ишламаётганлигига гувоҳ бўлинган. Учинчидан, назоратчилар томонидан далолатнома тегирмон учун очилган абонент рақамига эмас, балки К.Очиловнинг хонадони учун очилган абонент рақамига расмийлаштирилган. Бу эса, амалдаги қоидалар талабларига зид ҳисобланади.

Юқоридаги асосларга кўра ноқонуний қўлланилган жаримани бекор қилиш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Касби туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд томонидан мазкур далолатнома ғайриқонуний, деб топилди ва истеъмолчига қўлланилган 44 044 294 сўм жарима бекор қилиниб, электр таъминоти базасидан чиқариш мажбурияти юклатилди.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *