Илм-фан: Ёмғирнинг ҳиди нега ёқимли?

янв 11 / 2019

alt

Тасаввур қилинг, узоқ вақт давом этган қуруқ ва иссиқ об-ҳаводан сўнг шариллаб ёмғир ёғиб берди. Нам ердан кўтарилиб чиқиб, димоғингизга урилаётган ёқимли ҳидни ҳис қиляпсизми?

Тахмин қилганингиздек, ёмғирнинг ёқимли ҳиди ортида кимёвий жараёнлар туради. Буни аниқлаш мақсадида  Би-би-си Жон Ин Марказининг бош микробиологи профессор Марк Батнер билан суҳбат уюштирган.

Бактериялар, ўсимликлар ва ҳатто, чақмоқ шаррос ёмғирдан сўнг бизни хушнуд қиладиган ёқимли иснинг пайдо бўлишида роль ўйнайди.

Бу ҳиднинг сирини очиш учун олимлар, ҳаттоки, парфюмерларда узоқ вақт изланиш олиб борганлар.

Нам тупроқ

1960 йилларда изланиш олиб борган икки австралиялик тадқиқотчи қуруқ ерга ёғган ёмғирдан сўнг пайдо бўлувчи илиқ ҳовур ва муаттар ис бактериялар томонидан ишлаб чиқарилади, деган хулосага келади.

alt

«Бундай митти жонзотлар тупроқда тўлиб ётибди. Ернинг ҳидини сезяпман, деган пайтингиз сиз аслида маълум бактерия тури томонидан ишлаб чиқарилган молекулаларни ҳидлаётган бўласиз.

Геосмин деб аталувчи бу молекула Streptomyces бактериялари томонидан ишлаб чиқарилади. Бу бактерия антибиотиклар тайёрлашда ҳам қўлланилади.

Ерга бориб урилган ёмғир томчилари геосминнинг ҳавога ажралиб чиқишига туртки беради. Шу сабабли ёмғирдан сўнг ҳавода унинг миқдори кўпайиб кетади.

Бу ҳидни кўплаб ҳайвонлар ҳам ҳис этади, аммо одамларнинг унга нисбатан таъсирчанлиги жуда юқоридир», деб изоҳлайди профессор.

alt

Изабел Беар ва РЖ Томас 1960 йилларда бу борада тадқиқот олиб борган австралиялик олимлардир. Ўша вақтларда Ҳиндистоннинг Уттар Прадеш штатида ёмғирнинг ҳиди "матти ка аттар" номи остида сотила бошлаган эди.

Бугунги кунда геосмин парфюмерия маҳсулотларининг бир қисмига айланиб улгурган.

«Унинг ҳиди ҳақиқатан ўткир», дейди парфюмер Марина Барсенилла. «Ёмғир сўнг пайдо бўладиган ҳиднинг ўзи. Жуда жўн ҳид».

«Ҳатто миллиарддан бир нисбатда бошқа суюқликларга аралаштирсангиз ҳам одамлар унинг ҳидини дарров сезадилар», қўшимча қилади у.

Аммо геосмин ҳиди бизни ўзига тортгани билан аксарият одамлар унинг таъмини ёқтирмайдилар.

alt

У заҳарли эмаслигига қарамай, жуда кичик миқдорда минерал сув ёки винода пайдо бўлса, одамлар кўнглини беҳузур қилиши мумкин.

"Бизга нега геосминнинг таъми ёқмаслиги сабаби ҳозирча номаълум", дейди Даниядаги Аалборг Университети профессори Йеппе Лунд Нилсен.

Ўсимликлар

alt

Профессор Нилсенга кўра, геосминнинг ўсимликлардаги ҳидлар манбайи бўлмиш терпенлар билан ҳам алоқаси мавжуд.

Ёмғир ўсимликлардаги ҳидни ташқарига чиқариши мумкин, дея фикр билдиради Қироллик Ботаника Боғида тадқиқот раҳбари бўлиб ишловчи профессор Филип Стивенсон.

«Ёқимли ҳидга эга бўлган кимёвий моддалар кўп ҳолларда ўсимлик баргининг толаларида ишлаб чиқарилади. Ёмғир шу толаларни зарарлаб, ёқимли ҳидга эга моддаларни ташқарига чиқариб юборади».

«Ёмғир қуриган ўсимликда йиғилиб қолган кимёвий моддаларни ҳам айни шу йўл орқали атрофга тарқатиши мумкин», қўшимча қилади у.

Об-ҳаво ўта қуруқ келганда ўсимликлардаги метаболизм жараёни сустлашади. Ёмғир ёққанда эса бу жараён тезлашиб, ўсимликлар атрофга муаттар ис тарата бошлайди.

Чақмоқ

alt

Момақалдироқ пайти атмосферада содир бўладиган чақмоқ ва бошқа электрлашган ҳодисалар орқали ҳавода озоннинг ўткир ҳиди пайдо бўлади.

Миссисипи Университетидан профессор Марибет Столзенбург буни шундай изоҳлайди: "Чақмоқдан ташқари момақалдироқ ва айниқса, ёмғир ҳавонинг софлигини оширади. Чанг, аэрозоллар ва бошқа заррачалар ювилиб, ҳаво тозаланади".

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *