ИИВ: Ёнғин, қасддан қилинган жиноят, пора, ўғрилик ва очилмай қолган жиноятлар ҳақида

фев 22 / 2019

alt

ИИВ матбуот хизмати руспубликамизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ва жиноятлар ҳақида маълумот бериб бормоқда.

Назоратсиз қолдирилган 3 ёшли қиз ёнғинда жароҳат олиб вафот этди

Жорий йилнинг 20 февраль куни Бухоро шаҳрининг Шейхон кўчасида яшовчи Ш.Б.нинг уйида ёнғин содир бўлган. Кўрилган чоралар натижасида ёнғин уй эгалари томонидан ўчирилган. Оқибатда Ш.Б.нинг бирга яшаган 3 яшар қизи куйиш жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган ва кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай вафот этган.

Ёнғин, назоратсиз қолдирилган қизалоқнинг гугурт ўйнаганлиги оқибатида келиб чиққанлиги аниқланган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

alt

Шаҳрисабзда маст ҳолда бўлган ука акасини пичоқлаб қўйди

2019 йил 20 февраль куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туман ИИБга тушган ҳужжатларга кўра, шу йил 6 январь куни Халқобод қишлоғида яшовчи З.А. маст ҳолда уйида ўзаро жанжал туфайли бирга яшовчи акаси Ш.А.га пичоқ билан жароҳат етказган. Натижада ака касалхонага ётқизилиб, ука қўлга олинган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

alt

Наманганда 400 доллар пора эвазига ишини битирмоқчи бўлган шахс қўлга олинди

2019 йил 19 февраль куни Наманган вилоятининг Косонсой туманида хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходими ўз бошлиғига мурожаат қилиб, унда Бомраха маҳалласида яшовчи А.Б.га нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бораётган вақтида А.Б. ходимга ишни ижобий ҳал қилиб беришни сўраб, эвазига 400 АҚШ доллари таклиф қилаётганлигини маълум қилган.

Ушбу билдирги юзасидан 19 февраль куни Наманган вилояти ички ишлар ва прокуратура органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир натижасида А.Б. ходимга хизмат хонасида 400 АҚШ долларини бераётган вақтида қўлга олинган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

alt

Хонадонга ўғриликка кирган кимса қўлга олинди

Шу йил 19 февраль номаълум шахс Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Г.Ю.(исмли аёл)нинг уйига калит танлаш йўли билан кириб, у ердан катта миқдордаги пул маблағларини ўғирлаб кетган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди. Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Мирзо Улуғбек тумани Марказ 1-даҳада яшовчи И.М. содир этганлиги аниқланиб, ушланган. Тергов давом этмоқда.

2016 йил 3 февраль куни Андижон вилоятининг Асака туманида М.Ж.(исмли аёл)га нисбатан содир этилган ўғирлик жинояти учун 2019 йил 20 февраль куни Андижон тумани Мевазор кўчасида яшовчи М.Р. аниқланиб, ушланди.

Шунингдек, 2018 йил 10 декабрь куни Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида Ғ.К.га нисбатан содир этилган ўғирлик жинояти учун 2019 йил 20 февраль куни Маърифат маҳалласида яшовчи, муқаддам судланган Ш.А. аниқланиб, ушланди.

alt

Очилмай қолган жиноятлар очилди

Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида 2019 йил 20 февраль куни илгари содир қилган жинояти учун суд ва терговдан қочиб юрган 10 нафар шахс ушланди. Аввал қайд қилиниб, очилмай қолган жиноятлардан 70 таси очилди.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *