ИИВ Малака ошириш институти томонидан Сирдарёда сайёр ўқув йиғини ўтказилмоқда

мар 29 / 2019

alt

Сайёр ўқув йиғинларининг навбатдагиси жорий йилнинг 25 март куни Сирдарё вилоятида бошланди. Машғулотлар Институтнинг ИИВ Сирдарё академик лицейидаги филиалида бўлиб ўтмоқда. Унга Сирдарё вилояти туман-шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси, ички ишлар бўлимлари бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳамда профилактика инспекторлари жалб қилинган. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати UZ24’га маълум қилди.

Ўқув жараёнининг самарадорлигини ошириш учун вилоят шаҳар-туманларидаги криминоген вазият, содир этилаётган жиноятлар, уларнинг сабаб ва шароитлари таҳлил қилиниб, ходимларга муаммоларнинг ечимига йўналтирилган тегишли таклиф ва тавсиялар берилмоқда. Машғулотларга Вазирликнинг соҳавий хизматларидан тажрибали ходимлар жалб этилганлиги, унинг сифатига ижобий таъсир кўрсатмоқда. 

Малака оширишга жалб қилинган ходимларнинг хизмат ҳудудидаги вазиятни ўрганиш ва таҳлил қилиш, иш фаолиятини тўғри режалаштириш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, профилактик чора-тадбирларни ўтказишдаги муаммолар ва уларнинг ечимлари, ички ишлар органларининг бошқа давлат органлари, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш тузилмалари билан ҳамкорлиги, ички ишлар органларида хизмат, ижро интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек глобал ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятларни аниқлаб, фош этишдаги муаммолар ҳамда уларни ечишга оид билим ва касбий маҳоратлари оширилмоқда.

Шу билан бирга, тингловчиларда мамлакатимиз ички ишлар органлари фаолиятига тааллуқли турли соҳадаги ислоҳотларнинг мазмун ва моҳияти, ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришда секторлар фаолиятини ташкил этиш, “Хавфсиз шаҳар” концепциясини республикамизнинг барча ҳудудларига жорий этиш ва уни ташкиллаштириш, фавқулодда ҳолатлар, эпидемия ва эпизоотия ҳамда бошқа ҳолларда ички ишлар органлари ходимларининг вазифалари ва уларнинг самарадорлигини ошириш чораларига оид малакалари шакллантирилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят ИИБда «Истиқболли ёш кадрлар заҳираси»га олинган ходимларнинг бошқарувга доир билим ва кўникмаларини шакллантириш бўйича ўқув курслари ташкил этилмоқда. Йиғин якунида барча иштирокчиларга тегишли сертификатлар топширилади.

Кейинги машғулотлар Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг  

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *