ИИВ интернетдаги фирибгарлардан огоҳлантиради

авг 09 / 2019

alt

ИИВ ахборотига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон фуқаролари чув тушаётган фирибгарлик турларидан бири - электрон тахталар, оммабоп сайтлар ва интернет-аукционларда у ёки бу товарнинг сотувга қўйилганлиги ҳақидаги эълонлар. Бунда одатда, фирибгарлар ўз қурбонларига уларга жуда маъқул келадиган таклифлар билан чиқишади ва тўловнинг маълум қисмини нақд пул тўлови усулида электрон кошелёкка ўтказишни талаб қилишади.
 
Жорий йил февраль ойида қўқонлик Холида исмли аёл ички ишлар органларига мурожаат этиб, худди шундай турдаги фирибгарлик қурбони бўлган. Хусусан, у интернет тармоғида ўзини Қозоғистонданман деб таништирган Гулдана исмли аёл билан танишиб, учинчиси совғага берилади, дея ваъда қилинган икки дона "iPhone XS" телефонига эга бўлиш учун 2018 йил декабрида халқаро электрон пул ўтказмаси орқали Гулдана номига 1 200 АҚШ долларини юборган. Лекин мобиль телефонини ҳам, пулларни ҳам қайтариб ололмаган. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
 
Ушбу жиноятни содир этган номаълум шахсни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган.
 
Айни вақтда МДҲ давлатларида автомобил билан боғлиқ фириб турлари жуда оммалашган. 
 
Хусусан, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи 1988 йилда туғилган Алишер ҳам ана шундай алданиб қолган шахслардан бири. 2018 йилнинг сентябрь ойида номаълум шахс интернет тармоғидаги "Olx.uz" онлайн-эълонлар сайти орқали "Ласетти" автомашинасини 4 300 АҚШ долларига сотмоқчи эканлиги ҳақидаги эълонни жойлаштирган. Алишернинг қизиқувчанлигини пайқаган фирибгар автомашина Ўзбекистонда рўйхатдан ўтганлигини, шундай бўлса-да автомашина Беларусьда экани, агарда харидор келишилган пулни юборса, автомашинани Ўзбекистонга олиб келиб, унинг номига расмийлаштириб беришини айтган.
 
Ўзбекистон фуқароси 2018 йил 7 сентябрь куни "Western Union" халқаро пул ўтказмаси хизмати орқали Дилором Зиядова исмли шахс номига келишилган 4 300 АҚШ долларини юборган. Афсуски, шу кунга қадар на автомашина, на юборилган пуллардан дарак йўқ. Номаълум шахс эса телефон қўнғироқларига жавоб бермай қўйган. Ўз ўрнида Алишернинг 2019 йил 5 июль куни ички ишлар органларига қилган мурожаатига асосан ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, номаълум шахсни аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
 
ИИВ фуқароларни интернет тармоғида шахсий маълумотларни жойлаштирмасликни, компьютер ва мобиль алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда шубҳали туюлган банк реквизитларига маблағ ўтказмасликни ва умуман, ҳамиша ҳушёр бўлишларини сўраб қолмоқда.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *