ИИББ Чилонзордаги кафеда бўлган воқиа бўйича расмий маълумот берди

окт 31 / 2019

alt

Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда “Тошкентда тунги клуб қўриқчилари ва “меҳмон” иштирокида жанжал бўлди. Бир йигит вафот этди” номи билан тарқалган хабар юзасидан расмий маълумот берди.

Таъкидланишича,  28 октябрь куни тахминан соат 21:00ларда фуқаролар 24 ёшли Бобур З. ва 30 ёшли Мурод А. Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида жойлашган “Уголок” кафесида кечги таом билан спиртли ичимлик истеъмол қилишган.

Шу вақт мобайнида Бобур З. мастлик билан боғлиқ хатти-ҳаракатлари билан 21 ёшли Аҳмаджон А. ва 22 ёшли Далержон М. исмли кафе қўриқчиларининг эътироз билдиришига сабабчи бўлган ва ўртада низо келиб чиққан.

Шундан сўнг, улар келишиб олиш учун, яъни “тортишувни давом эттириш” мақсадида кафедан ташқарига чиқиб, муштлашишганлар. Муштлашув оқибатида Бобур З. енгил тан  жароҳатлари олиб, таниши Мурод А. билан таксига чиққан, бироқ ҳеч қанча юрмасдан, ўртоғининг мазаси бўлмаётганлиги учун автомобилдан тушган.

Чилонзор туманига қарашли “тез ёрдам” ходимлари Мурод А.ни тасодифан кўриб қолиб, касалхонага олиб кетаётган вақтда у вафот этган.

Мурод А.нинг ўлими бўйича олинган дастлабки суд тиббий ташҳисига кўра, ўткир юрак қон томир етишмовчилиги ва спиртли ичимликдан заҳарланиш ҳолатлари аниқланган ва ҳеч қандай тан жароҳати аломатлари йўқлиги тўғрисида маълумот берилган. 

Ҳозирда ушбу ҳолат Чилонзор тумани прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Шу билан бирга, юқорида содир этилган “безорилик” ҳаракатлари юзасидан, Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан Аҳмаджон А. ва Далержон М.ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг   277-моддаси (Безорилик ) 2-қисми “б” банди бўйича жиноий иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *