Халқ таълими вазирлигининг танқидларга сабаб бўлган қарор лойиҳаси бўйича изоҳи

янв 22 / 2019

alt

Халқ таълими вазирлиги муҳокама учун тақдим этилган ва кескин танқидларга учраган "Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси юзасидан изоҳ берди:

1. Халқ таълими вазирлиги босма нашрларга қарши эмас, аммо халқ таълими тизимида мажбурий обунага йўл қўйилмаслигини таъкидлайди. Барча босма нашрлар халқ таълими тизими ходимлари орасида тарғибот ишларини олиб борган ҳолда ихтиёрий обунани ташкил этишлари мумкин. Вазирлик педагоглар нашрларни мутолаа қилган ҳолда ўз малакалари ва билимларини ошириб боришлари тарафдори.

2. Ҳозирги кунда вазирлик тизимида “Бошланғич таълим” журнали таҳририяти”, “Тил ва адабиёт таълими”, “Преподавание языка и литературы”, “Lаnguage and literature teaching” журналлари таҳририяти”, “Халқ таълими” журнали таҳририяти, “Маърифат” ва “Учитель Узбекистана” газеталари таҳририяти Давлат корхонаси, “Тонг юлдузи” газетаси таҳририяти Давлат корхонаси, “Класс” газетаси таҳририяти Давлат корхонаси, “Ғунча” журнали таҳририяти Давлат корхонаси ва “Гулхан” журнали таҳририяти Давлат корхонаси фаолият юритмоқда. Уларнинг барчаси давлат корхонаси бўлиб, ягона давлат унитар корхонасига бирлаштирилиши юридик жиҳатдан ҳеч қандай ўзгаришга олиб келмайди.

3. Халқ таълими вазирлиги юқорида номи келтирилган барча нашрларда асосий таъсисчидир. Шу пайтгача, вазирлик мамлакатимиз қонунлари доирасида фаолият юритиб, таҳририят сиёсатига аралашмаган ва цензурага йўл қўймаган. Бундан кейин ҳам мазкур нашрлар билан мамлакатимиз қонунлари доирасида иш олиб боради ва цензурага йўл қўймайди.

4. Халқ таълими вазирлиги юқорида келтирилган ташкилотларнинг асосий таъсисчиси эканлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистон Республикаси қонунлари доирасида уларнинг молиявий-иқтисодий фаолиятларини текшириб туришга ҳақлидир.

5. Халқ таълими вазирлигининг янги жамоаси тайинланганидан бери, вазирлик ўз муассислигидаги таҳририят ходимларининг ойликларини ошириш ёки уларга мукофот бериш масалаларига аралашмаган. Таҳририятлар ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда, бу масалаларни мустақил белгилайдилар.

6. “Халқ таълими тизимидаги оммавий ахборот воситалари ролини янада ошириш тўғрисида” Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиқишдан асосий мақсад, таҳририятлар фаолиятига самарали менежмент ва маркетинг тизимларини жорий этиш орқали уларнинг обуна ва рекламага жалб этиш бўйича фаолиятини такомиллаштиришдан иборат. Шундагина нашрларнинг фаолияти ягона молиявий-хўжалик бошқаруви, таъминоти ва бухгалтерия тизимига ўтиши ҳисобига бошқарув ва ноишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришга эришилади. Молиявий ресурсларни бирлаштириш эвазига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, ходимларни моддий рағбатлантириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда бошқа ривожланиш лойиҳаларини молиялаштирилади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *