"Ўзгидромет" ҳаво ҳароратининг ҳақиқий кўрсаткичини яширадими?

июл 15 / 2019

alt

Ёз чилласи айни авжида ва аҳоли ўртасида яна “синоптиклар ҳароратнинг ҳақиқий кўрсаткичларини яширадилар, аслида ҳарорат кундузи 47-50 даража” деган гаплар юрибди. Баъзилар эса ўз маиший асбоблари 60 даражани кўрсатаётганини айтишмоқда. 
 
"Ўзгидромет" ҳароратнинг қандай ўлчаниши тўғрисида маълумот берди.
 
Ҳозир аҳоли ўртасида ҳароратни аниқлайдиган маиший термометрлар кенг қўлланилмоқда. Кўпинча, бу асбобларнинг қабул қилиш қисми, шаҳардаги электрон таблоларга ҳарорат тўғрисидаги маълумотларни етказувчи термометрларнинг қабул қилувчи қисмлари тик қуёш нурлари ёки атрофдаги предметларнинг иссиқлик нурланишидан ҳимояланмаган. Бундай ҳолатда термометр ҳаво ҳароратини эмас, балки термометрнинг қабул қилувчи қисми қизиган даражасини ўлчайди.
 
Тўғри қуёш нурлари остида (очиқ ҳавода) бўлган инсон ҳаво ҳароратини эмас, Қуёшдан келаётган, эр юзасидан кўтарилаётган ҳамда атрофдаги қизиган предметлар ўзидан чиқараётган энергия таъсирида иссиқлик босимини ҳис этади. Автомашинадагилар қуёш нурлари таъсирида қизиган машина корпусининг иссиқлик нурланишини ҳис қилади. Шунинг учун тик қуёш остидаги ҳарорат сояга қараганда анча юқоридек сезилади.
 
Иссиқлик нурланиши омиллари таъсирини истисно қилиш ва метеорологик кузатувларнинг таққослана олинишини таъминлаш мақсадида улар бутун дунёда Жаҳон Метеорология Ташкилоти қоидаларига мувофиқ ягона услубда ва ягона стандарт шароитларда ўтказилади. Хусусан, ҳаво ҳарорати ер сатҳидан 2м баландликда ўрнатилган махсус шамоллатиладиган метеорологик будкада ўлчанади. Ўлчов асбоблари доимий равишда текширилади, уларнинг кўрсаткичлари эталон асбоб кўрсаткичлари билан солиштирилади.
 
Жаҳонда энг юқори ҳаво ҳарорати АҚШнинг Калифорния штатидаги Ўлим водийси ва Ливия чўлида қайд этилган (57-58°С).
 
Ўзбекистонда энг юқори ҳарорат Қизилқум чўлида ва Термиз шаҳри яқинида қайд этилган (50°С).
 
Тошкент шаҳрида ёз мавсумининг абсолют максимуми 44.6°С га тенг. (1997 йил 18 июл).
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *