Ўзбекистонлик муҳандис-сапёрлар «АрМИ – 2019»да учинчи ўринни эгаллади

авг 12 / 2019

11 август куни бешинчи бор ўтказилаётган Халқаро армия ўйинларининг «Хавфсиз маршрут» йўналиши якунига етди. Унда ўзбекистонлик ҳарбийлар кучли учликдан ўрин олди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълум қилди.
 
 
Россия Федерациясининг Тюмень вилоятида жойлашган дала-ўқув майдонида бўлиб ўтган ярим финал баҳсида кураш олиб борган ўзбекситонлик ҳарбийлар маррани қўлдан бой бермасликка ҳаракат қилди.
 
Ҳарбий мусобақа шарт-шароитлари жанг ҳолатига максимал яқин бўлиши учун 6000 метрга яқин беллашув йўлагига 250 дан зиёд имитацион, сигнал ва портловчи-ёнувчи зарядлардан иборат электропортловчи тармоқ ётқизиб чиқилди. Мусобақа Су-24 фронт бомбардимончиси ва Ми-8 транспорт-жангари вертолётларининг шартли авиазарбалари шароитида бошланди. Беларусь, Вьетнам, Ўзбекистон ҳамда Россия жамоалари ўртасида ўтказилган финал босқичи қизғин беллашувларга бой кечди.
 
 
«Вертолёт макетидан десантлаштирилган ҳолатида тушиш, осма кўприк ва сеткали девор тўсиқлардан ўтиш, бинони портлатиб, ишғол қилиш, сим тўсиқли мина майдонни тозалаш ҳамда сувли тўсиқлардан ўтиш шартларида ўзбек муҳандис-сапёрлари пешқадамлик қилди», — дейилади хабарда.
 
Ўзбекистонлик ҳарбийлар узунлиги 30 ва 6 метр бўлган ҳудудни миналардан тозалаш, узунлиги 40 метр бўлган сув ҳавзасига ТММ-3 (оғир механизациялашган кўприк) техникалари ёрдамида кўприк ўрнатиб, шахсий таркибга йўл очиш шартларидаги аниқ ҳаракатлари томошабинлар олқишига сазовар бўлди. БАТ-2 йўл қурувчи ва ИМР-2 тўсиқлардан ўтиш муҳандислик техникаси ёрдамида берилган шартларни тўлақонли бажаришга ҳаракат қилди.
 
 
Якуний натижаларга кўра, Ўзбекистон жамоаси мазкур мусобақада учинчи ўринга лойиқ деб топилди. Россия биринчи, Беларусга эса иккинчи ўрин насиб этди.
 
 
Мусобақа давомида БАТ-2 йўл қурувчи муҳандислик техникаси экипажи аъзолари — механик-ҳайдовчи, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шавқиддин Нарзуллаев ва БАТ-2 йўл қурувчи муҳандислик техникаси ҳисоби, кичик сержант Феруз Гуччиев «АрМИ—2019» Халқаро армия ўйинларининг «Хавфсиз маршрут» мусобақасида «Энг илғор БАТ-2 экипажи» номинацияси ғолиби дея эътироф этилди.
 
 
Эслатиб ўтамиз, III ва IV Халқаро армия ўйинларининг «Хавфсиз маршрут» мусобақаларида ҳам ҳамюртларимиз 3-ўринни қўлга киритган эди.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *