Ўзбекистондаги хавфли аттракционлар аниқланди

авг 22 / 2019

alt

Республикамиз ҳудудларидаги маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган аттракционлар ҳолати ва уларнинг бехатар ишлатилиши бўйича текширув олиб борилди.
 
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раиси Бахтиёр Ғуломовнинг маълум қилишича, ишчи гуруҳлар томонидан ҳудудлардаги мавжуд 129 та маданият ва истироҳат боғи ҳамда аҳоли дам олиш масканларидаги жами 1 минг 845 та аттракцион кўздан кечирилди ва уларнинг хавфсиз фойдаланиш талабларига риоя этиши ўрганиб чиқилди.
 
Аниқланишича, аттракционларнинг 1 минг 292 тасида техник паспорти мавжуд эмас. 1 минг 106 тасида аттракционларни кунлик техник кўрикдан ўтказиш журнали йўқ. 928 аттракционда ишлатиш ва ўрнатиш бўйича йўриқномалар мавжуд эмас. Аттракционларга бириктирилган ходимларнинг 1 минг 258 нафарида ўқиганлик тўғрисидаги махсус гувоҳномалар йўқ ва улар техникадан фойдаланиш тартиб қоидаларини мутлақо билмайди.
 
695 аттракционда жавобгар шахс тайинланмаган бўлса, 931 тасида оператор ва жавобгар шахсларнинг лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилмаган. 854 та аттракционда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имконияти мавжуд эмас.
 
– Аниқланган камчиликлардан кўриниб турибдики, маданият ва истироҳат боғларидаги аттракционларнинг аксарияти фойдаланиш талабларига жавоб бермайди, – деди Бахтиёр Ғуломов. – Бу ҳолат эса инсон ҳаёти учун хавфлидир. Юртимизга кўп аттракционлар хорижий давлатлардан, хусусан, Хитой Республикасидан олиб келинади. Ўзимизда ҳам ишлаб чиқарилаётган аттракционлар бор. Аммо етарли тажрибага эга конструкторлар йўқлиги сабабли юртимизда ишлаб чиқарилаётган аттракционлар талабга тўлиқ жавоб бермайди. Натижада бундай қурилмалар инсон ҳаёти ва соғлиги учун жиддий хавф туғдиради. Жорий йилда Жиззахда содир бўлган инсон ўлими билан боғлиқ фожиа ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилган аттракционда рўй берган. Ўрганишлар давомида ноқонуний фаолият кўрсатаётган аттракционлар фаолияти ҳам аниқланмоқда.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *