Ўзбекистонда "мобил боғчалар" ташкил этилади

сен 21 / 2019

alt

2019 йил 30 июль куни Мактабгача таълим вазирлиги Isuzu HC-40 автобуслари базасида фаолият кўрсатувчи сайёр мактабгача таълим ташкилотлари лойиҳасини муҳокамага қўйди, деб хабар беради Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати.

Лойиҳа «Ўзавтосаноат» АЖ молиявий ва техник кўмагида амалга оширилади.

2019 йилнинг 2 июлида Мактабгача таълим вазирлиги ва «Ўзавтосаноат» АЖ ўртасида мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини жорий этиш соҳасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Ўзбекистонда Isuzu HC-40 автобуслари негизида ишловчи мобил МТТларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамкорликнинг асосий йўналиши ҳисобланади. Мазкур лойиҳа болалар мактабгача таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш, шунингдек, МТТ мавжуд бўлмаган олис қишлоқ жойларда, тоғли ҳудудлар ва аҳоли пунктларида қамровни ошириш имконини беради.

«Мактабгача таълим вазирлигига кўп ҳолларда олис туманларда яшовчи фуқаролар МТТлар мавжуд эмаслиги юзасидан шикоятлар билан мурожаат қилишади. Афсуски, бюджет миқдори чекланганлиги муносабати билан биз ҳар бир аҳоли пунктида МТТ очиш имкониятига эга эмасмиз ва болалар сони энг кўп бўлган жойларни танлашга мажбурмиз. МТВ ишчи гуруҳи ҳолатни ўрганиб чиқди. Таҳлил ушбу мақсад учун жойларда биноларнинг ажратилиши муаммо ечими бўла олмаслигини кўрсатди.

Аҳоли хонадонлари бир-биридан жуда узоқ масофада жойлашган туманлар мавжуд. Стационар нуқталар бор-йўғи 3 километр радиусда яшовчи болаларни қамраб олиш имкониятини беради холос. Ҳар бир оила ўз транспорт воситасига эга эмаслиги эса ҳар куни МТТларга қатнаш муаммосини туғдиради. Бундан ташқари, тоғли ҳудудларга талаб этилган коммуникацияларни етказиб бориш муаммоси мавжуд. Биз албатта болалар учун иситиш тизими, сув таъминоти ва канализацияни таъминлаб бера олиш мумкин бўлмаган жойларда МТТлар очмаймиз. Бироқ вазирлик барча болалар учун сифатли мактабгача таълим олиш имкониятини яратишга интилмоқда, шу муносабат билан биз Ўзбекистон учун мутлақо янги мобил МТТлар лойиҳасини ишга туширмоқдамиз. Бундай тажриба Швеция, Янги Зеландия, Ҳиндистонда муваффақиятли қўлланиб келинмоқда. Махсус автобуслар яқин келажакда МТТ қурилиши мураккаб бўлган, бориш қийин бўлган жойларда муайян йўналиш бўйича ҳаракатланади. Сайёр МТТлар «ёз-қиш» режимида ишловчи совутгичлар, қуёш панеллари, ҳожатхоналар, ўйинчоқлар, ривожлантирувчи материаллар билан таъминланади. Лойиҳанинг бошланғич босқичида республика бўйлаб 14 та автобус: Тошкент вилоятида иккита ва ҳудудларда биттадан автобус ишга туширилади», — дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

alt

Сайёр МТТлар қисқа муддатли гуруҳлар учун мўлжалланган бўлиб (кунига кўпи билан 3 соат), овқатланишни ташкил этиш мажбурияти назарда тутилмаган. Лойиҳа учун МТТлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли болалар мактабгача таълим олиш имкониятига эга бўла олмаётган ҳудудлар танлаб олинди. Сайёр МТТлар олис қишлоқларда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш муаммосини тезкор ҳал қилиш имкониятини яратади.

Лойиҳанинг синов босқичи учун 14 та туманда 42 та майдонча белгилаб олинди:

Андижон вилояти — Андижон тумани

Бухоро вилояти — Қоракўл тумани

Жиззах вилояти — Бахмал тумани

Қашқадарё вилояти — Чироқчи тумани

Наманган вилояти — Янгиқўрғон тумани

Навоий вилояти — Нурота тумани

Самарқанд вилояти — Ургут тумани

Сурхондарё вилояти — Қумқўрғон тумани

Сирдарё вилояти — Боёвут тумани

Тошкент вилояти — Оҳангарон, Янгийўл туманлари

Фарғона вилояти — Учкўприк тумани

Хоразм вилояти — Хазорасп тумани

Қорақалпоғистон Республикаси — Элликқалъа тумани

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *