Ўзбекистонда магистрлар учун миллий либос яратишнинг вақти етмадимикан?

апр 14 / 2019

(Шахсий фикр)

         alt

Университетларнинг битирувчилари магистрлар либосини кийиб битирув маросимларини ўтказаётганлиги замонамизнинг янгича зайли эканлигини кўриб турибмиз. Келинг, ушбу либос ва бош кийими тарихи ҳақида маълумот бериб ўтсак.

Тарихий маълумотларга таянадиган бўлсак, ушбу либос ўрта асрлардаги университетлар, черковларнинг ўқув юртлари асосида пайдо бўлган. Черков ходимлари клериакал либос кийишган. Бу либос кейинчалик ўша маскандаги шогирдларнинг кийимига айланган.

alt

Бош кийимнинг тўрт қиррали конфедератка деб номланган, осилиб турадиган попуги ҳам бор. Бу попук аввал чап томонда туради ва шогирд билим олиб магистрликка қабул қилинганида устози томонидан ўнг томонга ўтказилиб қўйилади. Магистр дипломи берилганида юқорида айтиб ўтилган маросим бажарилади.

alt

alt

 Магистр либосининг рангига қараб қайси соҳага тегишли эканлигини билиб олиш мумкин. Оқ ранг санъат соҳаси, кул ранг экономика билимлари, жигар ранг архитектура, яшил медицина соҳаси эканлигини англатади.

alt

Магистр ва бакалавр мантияси бир-биридан либосдаги белгилар билан фарқланади. Докторлик мантияси эса енгидаги чизиқлар билан ажралиб туради. 

alt

Энди юқоридаги фикрларни таҳлил қилган ҳолда бизнинг магистр “маг”лар эмаслигини ва бу либосни кийиш на тарихимиз, на эътиқодимиз ва на бошқа талабларга жавоб бермаслигини аниқ айта оламиз. Айтайлик, Ўзбекистонда 10 мингта магистр ёки бакалавр дипломини олган ёшларимиз уч метрдан қоп-қора ўша матоҳни сотиб олишса, қанча экономикамизга бекорчи сарф-харажат бўлишини ҳисоблаб бера оласизми? 

alt
Фарзандингиз ўқишни битирди, нега энди қоп-қора магистр кийими билан катта ҳаётга йўлланма олиши керак? Дўппига, битта чиройли ўзбекча нимчага нима етсин? 

alt

Психологик ва психотерапевтик нуқтаи назаридан айтишим мумкинки, либослар урфлар ҳар бир жамоанинг ички ғояси орқали пайдо бўлади.

alt

Ўзимизнинг университетлардаги миллий магистр унвони либоси бўлишига ҳеч ким тўсқинлик қилмаган, европа магистр ёки маг бўлиши учун бу диплом билан бирга либос кийишни ҳам талаб қилаётгани йўқ. Ҳаммаси ўзимиздан, ўзлигимиздан келиб чиқмоқда. Академик ўқув юртларидаги профессор ва маънавият бўйича масъул устозлар магистр дипломини олган шогирдларига бу либос асл тарихининг миллий психологиямизга зид эканлигини тушунтиришса, олам гулистон.

alt

Ўзбекистонда фаолият юритаётган дизайнерларимиз эса ўзбек магистрлари учун ҳам миллийлик руҳи уфуриб турадиган янги  либослар яратиш кераклиги ҳақида бош қотирсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди.

alt

Мамлакатимизда барча соҳаларда ўзгаришлар юз бериб, ўзбек халқи санъати ва маданиятини сақлаб қолиш, уни бойитиш борасида саъй-ҳаракатлар амалга оширилиб борилаётган экан, ўзбек билим юртларида ўқиб, ўз меҳнати билан магистрлик даражасига кўтарилган талабалар учун ҳам замонавийлик ва миллийлик уйғунлигидаги ўзгача янги либосни яратиш вақти аллақачон етган деб ўйлаймиз.

Бунинг учун истиқлолимиз, ўзбек халқининг буюк тарихга эга эканлиги, унинг илм ва фанда эришган ютуқлари ҳақида бир муддат фикрлаб, фантазияга берилиш кифоя бўлса керак. Қолаверса, миллий давлат рамзларидан ҳам унумли фойдаланиш мумкин.

Хуллас қандай бичимда, қанақа безаклар ёки рангларда бўлишини албатта мутахассисларнинг ўзлари ўйлаб топганлари маъқул. Эҳтимол,  магистр талабаларнинг бу борадаги талаб ва истаклари ўрганилар? 

Сиз нима дейсиз замондош!?

 

Зебинисо Аҳмедова

 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *