Ўзбекистонда гриппга қарши вакцина ишлаб чиқарилди

ноя 10 / 2016

alt 

Sanofi компанияси "ЎЗФАРМСАНОАТ" АК билан ҳамкорликда дори воситаларнинг маҳаллий ишлаб чиқарилишини бошлади.

Биринчи қадам сифатида гриппга қарши вакцина ишлаб чиқарилди ва у "ВАКСИГРИП" савдо номи билан эркин муомалага чиқарилди. Вакцинани катталар ва 6 ойдан ошган болаларда қўллаш мумкин. Вакцина юборилганидан сўнг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсиясига асосланган, вакцина таркибига кирувчи грипп вируси антигенларига қарши иммунитет шаклланади. Бу ҳақда бугун Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда иштирок этган Санитария-эпидемиология назорати Бош бошқармасининг бошлиқ ўринбосари Дилором Турсунованинг айтишича, ЖССТ маълумотларига кўра, грипп глобал миқёсда тарқалган бўлиб, ҳар йилги касалланиш кўрсаткичлари катталар орасида 5-10%, болалар орасида 20-30% ни ташкил этмоқда. Касаллик асосан юқори хавф гуруҳлари (жуда кичик ёшдаги болалар, қариялар ёки сурункали касал одамлар) орасида госпитализация ва ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин. Эмлаш - миллий хавфсизлик кафолати. Ушбу ишлаб чиқариш Ўзбекистон Республикасида ЖССТ тавсия этадиган қамров даражасида эмлашни ташкиллаштиришга имконият яратиб, ўз фуқароларини ўта хавфли инфекциядан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Матбуот анжумани доирасида барча истаган меҳмонлар, журналистлар ва матбуот анжумани қатнашчиларига "ЎЗФАРМСАНОАТ" АК кўмагида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган гриппга қарши бепул эмланиш имконияти яратиб берилди.

alt

Келажакда маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ, юрак-қон томир ва эндокрин тизимларидаги, шунингдек, меъда-ичак йўлларининг сурункали касалликларига қарши дори воситалари ишлаб чиқарилади.

"ЎЗФАРМСАНОАТ" АК Матбуот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *