Ўзбекистон халқи учун Президент сайловида иштирок этиш нимани англатади?

ноя 10 / 2016

alt

"Ижтимоий фикр"€ жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига бағишланган ижтимоий сўров ўтказилди. Унда фуқароларнинг сайлов кампаниясидан хабардорлиги, оммавий ахборот воситаларининг ушбу сиёсий тадбирни ёритиш борасидаги фаолиятига муносабати, аҳолининг электорал кайфияти ўрганилди.

Сўровда қатнашганларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 95 фоизи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа эканлигини қайд этиб, овоз беришда қатнашиш зарурлигини теран англашларини билдиришган. Уларнинг аксарияти Президент сайлови кампаниясидан юқори даражада хабардорлигини билдирган. 

Республикамизнинг барча ҳудудидан бўлган респондентларнинг 89,5 фоизи, хусусан, биринчи марта овоз берадиган ёш йигит-қизларнинг аксарияти сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган сиёсий партиягина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги қонунчилик талабини билишади. Сўров иштирокчиларининг 85,2 фоизи Ўзбекистон Президенти умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланишини яхши билади.

Сайлов ҳуқуқига эга респондентларнинг 95 фоизи шу йилнинг 4 декабрь куни бўладиган Президент сайловида, ўз хоҳишига кўра, албатта, қатнашажагини маълум қилган.

Ўзбекистон халқи учун Президент сайловида иштирок этиш нимани англатади?

Ушбу саволга сўровда қатнашганларнинг 41,3 фоизи бу уларнинг фуқаролик бурчи бўлгани учун овоз беришларини маълум қилишган. 31,8 фоизи эса сайловда иштирок этиш Ватанимиз келажаги учун масъулият эканлигини айтишган. Респондентларнинг 21,3 фоизи фикрича, сайловда қатнашиш ўз муносабатини билдириш ҳамда муносиб номзод учун овоз бериш имкониятидир.

Сўровда иштирок этганлар Президент сайловида қатнашишдан нималар кутаётганини маълум қилишди. Хусусан, сўров иштирокчиларининг 41,2 фоизи Ўзбекистонда бундан кейин ҳам тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик таъминланишига ишонишади. Айни пайтда 24,5 фоизи сайловларни ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, аҳоли турмуш даражаси ва сифати изчил ўсиши билан, 14,5 фоизи жамият ҳаётининг барча жабҳасида ижобий ўзгаришлар билан, 12,7 фоизи демократия ва фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар қандай шахсий фазилатларга эга бўлиши керак, деган саволга сўровда иштирок этган ҳамюртларимиз юксак заковат, мустаҳкам ирода, ҳалоллик ва тартиблиликни ўзида жо этган номзодга овоз беришини маълум қилган. Номзодларнинг устувор фазилатлари сифатида давлат даражасида фикрлай олиши, сиёсий раҳбарлик тажрибаси, юксак малака, бошқарувнинг замонавий кўникмаларидан хабардорлиги, билимли, демократик тамойилларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги, аҳолининг турли ижтимоий қатламлари орзу-умидларини ҳамда манфаатларини ҳисобга олиш истаги ва интилиши, фаол фуқаролик нуқтаи назарига эга бўлиши кўрсатиб ўтилган.

"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *