"Ўзавтосаноат" АЖ GM Uzbekistan автомобилларини харид қилиш бўйича биринчи мобил илова яратди

ноя 07 / 2018

– Android ва iOS мобиль телефонларига “Uzavtosavdo” иловасини юклаб олган ҳолда автомашина сотиб олиш мумкин

– Фойдаланувчилар ўз навбати ва автомобилни олиш санасини билиб боришади

alt

“Ўзавтосаноат” АЖ GM Uzbekistan автомобилларини харид қилиш бўйича онлайн режимида интернет ва мобиль иловасини яқин вақт ичида ишга туширади. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.

“Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ва юртимиз меҳмонлари uzavtosavdo.uz сайти орқали, шунингдек, Android ва iOS мобиль телефонларига “Uzavtosavdo” иловасини юклаб олган ҳолда автомашина сотиб олиш имкониятига эга бўлади.

Бунинг учун фойдаланувчи Идентификациянинг ягона тизими(One ID)дан рўйхатдан ўтиши лозим. Агар электрон рақамли имзо бўлса, автомобилни хорижда туриб ҳам харид қилиш мумкин.

Фойдаланувчи автоулов русуми, модификацияси, ранги ва дилерлик марказини танлай олади. Бундан ташқари, автомобиль учун тўлиқ ёки қисман тўловни амалга ошириш имкони ҳам мавжуд. Мазкур жараёнларнинг барчаси автоматлаштирилган”, дейилади хабарда.

Шунингдек, харидорга навбат рақами ва дилердаги автомобиллар сони ҳақида маълумотлар берилади. Агар унга зарур бўлган автомашина дилерда йўқ бўлса, буюртма тўғридан-тўғри автомобиль заводига юборилади.

Харидор шартнома ва автомобилнинг индивидуал VIN-рақамига эга бўлади. Шундан сўнг у дастлаб танланган автомобилнинг умумий қийматидан 3 фоизини банк картаси орқали ўтказиши ва кейинчалик қолган суммани тўлаб бериши лозим.

“Uzavtosavdo” иловаси харидорга барча жараёнларни бошиданоқ назорат қилиш имконини яратади. Фойдаланувчилар ўз навбати ва автомобилни олиш санасини билиб боришади.

Автомобилнинг 85 фоиз нархи тўлангандан сўнг яна бир қўшимча қулайлик тақдим этилади. Яъни, харидор автомобилни уйигача бепул етказиб бериш имкониятидан фойдаланиши мумкин.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *