Гулнора Каримованинг оила аъзолари унинг колониядаги аҳволи бўйича шикоят ва эътироз билдирмаган

июл 11 / 2019
 
 
Адлия вазирлиги томонидан Гулнора Каримовага тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳамда у доимо руҳий босим остида эканлиги тўғрисидаги маълумотлар бўйича ўрганиш ўтказилгани тўғрисида хабар берилган эди. Ўрганиш давомида Каримова оила аъзоларининг у билан узоқ муддатли учрашув сўраб ёзган мурожаати келиб тушганлик факти аниқланган. 
 
Жиноят-ижроия кодексининг 76-моддасига мувофиқ маҳкумларнинг узоқ муддатли учрашув ҳуқуқи таъминланишини ўрганиш мақсадида мониторинг ўтказилган. 
 
Мониторинг давомида маҳкума Гулнора Каримова ўзининг узоқ муддатли учрашув ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда 7 июль кунидан 10 июль кунига қадар, ўз оила аъзолари билан уч кунлик – узоқ муддатли учрашувда бўлган. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилади.
 
Уларга, узоқ муддатли учрашув ҳуқуқидан фойдаланаётган бошқа маҳкумалар каби, алоҳида узоқ муддатли учрашувларга мўлжалланган яшаш жойи ажратилган. Ушбу учрашувни бўлиш, шунингдек, оила аъзолари томонидан олиб келинган посилка ва бандеролларни киритишни чеклаш ҳолатлари бўлмаган. 
 
Шу билан бирга, учрашув давомида Каримованинг оила аъзолари унга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаётганлиги ва унга босим ўтказилаётганлиги бўйича шикоят ва эътироз билдирмаган. 
 
Аввалроқ Гулнора Каримованинг қизи Шавкат Мирзиёевдан онасининг аҳволи оғирлиги сабабли озод қилишини сўраб мурожаат йўллагани хабар қилинганди.
 
ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасидан хабар қилинишича, учрашувдан сўнгги фикр ва таассуротларини ўрганиш мақсадида Имон Каримова билан суҳбат ўтказилганда у онаси Гулнора Каримованинг айни пайтда соғлигидан шикояти йўқлигини, зарур ҳолларда муассаса тиббиёт бўлими ходимлари томонидан ўз вақтида алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, онасига нисбатан Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳеч қандай босим ўтказилмаётганлигини билдирган.
 
Каримованинг жазони ижро этиш колониясидаги ҳолати юзасидан интернетларда нашр этилган материаллар ҳақида Имон Каримовадан сўралганда, ҳақиқатдан ҳам “Instagram”даги “iman.k17” саҳифаси унга тегишли эканлигини, аммо онаси билан боғлиқ материаллар ушбу саҳифага бошқа шахслар томонидан тайёрланишини маълум қилди.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *