Ўрта Чирчиқда автобус аварияси оқибатида 27 киши жароҳатланган — Соғлиқни сақлаш вазирлиги

апр 29 / 2019

alt

Ўрта Чирчиқ тумани ҳудудида юз берган автобус автоҳалокатида 7 киши эмас, 27 киши жабрланган, деб хабар қилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати. Уларнинг барчасига тез тиббий ёрдам кўрсатилган. 19 нафарига амбулатор ёрдам кўрсатилиб, уйига рухсат берилган. Икки нафарига Нурафшон тиббиёт бирлашмасида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилгандан кейин уйига рухсат берилган.
 
Олти нафар жабрланувчи Тошкентдаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига етказилган. Улардан икки нафари — А. Қобилов (54 ёш) ва Р. Маъмурбоева (2,5 ёш) — муваффақиятли операция қилинган. 
 
Тиббий ходимлар автобусда бўлганларнинг барчасининг уйларида бўлиб, тиббий кўрик ўтказган. Барча беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги назорати остида.
 
29 апрель куни Бухоро шаҳридан зиёратдан қайтаётган, салонида 53 нафар йўловчиси бўлган автобус балони ёрилиб, ағдарилиб кетган.  Автобусда Тошкент вилояти Паркент тумани 31-умумий ўрта таълим мактабининг 37 нафар ўқувчиси, 3 нафар ўқитувчиси, 10 нафар ота-она ҳамда 3 нафар ҳайдовчи бўлган.
 

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *