Фильмларни оммага намойиш қилишдан олдин дин уламолари тасдиқлаши зарурлиги таклиф қилинди

фев 27 / 2019

alt

Шу кунларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда хорижий сериалларнинг муҳокамалари қизғин давом этмоқда. Uza.uz сайти хорижий сериалларнинг эфирга узатилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари, “Ислом ота” жоме масжиди имом-хатиби Жасур Раупов фикри-мулоҳазалари билан қизиқди
 
Ж. Рауповнинг таъкидлашича, фильмларни оммага намойиш қилишдан олдин дин уламоларининг ҳам муҳокамасидан ўтиши керак:
 
– Муновий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ҳаё икки хил бўлади: нафсоний ва иймоний. Биринчиси, у барча инсонларда яратилган бўлади. Авратни очишдан ёки одамлар ҳузурида жинсий яқинлик қилишдан ҳаё қилиш кабилар киради. Иккинчиси эса мусулмоннинг Аллоҳдан қўрқиб ҳаром ишлардан тийилишидир”.
 
Маъсият, гуноҳлар ёмонликларидан бири қалб ҳаётини моддаси бўлган ҳаёни кетказишидир. Ҳаё барча яхшиликларнинг асосидир. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир. Гуноҳлар аста-секин ҳаёни заифлаштириб бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.
 
Ойнаи жаҳонда бериб борилаётган кундалик фильмларнинг баъзилари инсон психологияси, ақли ва қалбига салбий таъсир қилмоқда. Бу эса жамиятда янги жиноят турини содир бўлишига олиб келмоқда. Маълумки, инсон икки бир-бирига зид бўлган руҳ ва нафс жам қилинган ягона мавжудот ҳисобланади. Шундай экан, салбий оқибатларга етаклаб борувчи фильмлар инсонда ёмон оқибатни келтириб чиқаради. Энг хатарлиси, бу фильмларни ёш йигит-қизлар ота-онаси билан кўриши ва фильм қаҳрамонларига ўзларини ўхшатишга ҳаракат қилишларидир.
 
Таклифим, инсон маънавий-руҳий озуқа оладиган тарихий, ёшларни Ватанга муҳаббатли бўлишга чорловчи фильмларни кўпайтириш керак. Халқимизда соғлом муҳит ва соғлом маънавий иммунитетни кучайтириш лозим. Фильмлар оммага намойиш қилишдан олдин дин уламолари ва турли соҳа вакиллари муҳокамасида тасдиқланиши зарур.
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *