Фарғонада реклама тўғрисидаги қонунчиликлар бузилган ҳолатлар аниқланди

окт 11 / 2016

Давлат рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси реклама фаолиятини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя этиш бўлими томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида реклама қонунчилиги талабларига қандай риоя этилаётганлиги бўйича назорат тадбирлари амалга оширилди.

alt

Дастлаб вилоятнинг шаҳар ва туманларида жойлашган хўжалик юритувчи субъектлар ҳамда жисмоний шахсларнинг ишлаб чиқараётган маҳсулот ва кўрсатилаётган иш, хизматлари тарғиботларини ташқи рекламалар ҳамда оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилиши кўриб чиқилди. Таҳлиллар жараёнида 3 та ҳолатда хўжалик юритувчи субъект томонидан соҳага оид қонунчилик меъёрлари талабларига бузилганлиги аниқланди.

Жумладан, «Қувонч» газетасининг айрим сонларида «Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорнинг 6-банди 2-хатбоши талабларига риоя этилмаганлиги маълум бўлди. Ваҳоланки, мазкур қарор меъёрларига кўра, тарғиб қилинаётган рекламаларда «хизмат лицензияланган» ёки «хизматлар лицензияланган» матнлари бўлиши керак. Лекин афсуски, «Қувонч» газетаси фаолиятида бунга риоя қилинмаган.

Шунингдек, бундай қонунбузилиш ҳолатлари ташқи рекламаларда ҳам қайд этилди. Хусусан, ҳудудий бошқарманинг иш режасига кўра, ўтказилган назорат тадбирларида баъзи ҳолларда «Реклама тўғрисида»ги қонун, «Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор талаблари бузилганлиги қайд этилди. Масалан, Фарғона шаҳридаги Соҳибқирон Темур ва Алишер Навоий кўчаларининг кесишган чорраҳасида жойлашган  «Gold Alliyance» МЧЖга тегишли «Байрам» супермаркетининг кириш қисмига ҳаракатланувчи матнда ижтимоий реклама ролиги ўрнатилган.

Ваҳоланки, «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 20-моддасига асосан, ташқи рекламани жойлаштириш тартиблари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида белгиланиши назарда тутилган. Шунингдек, Президентнинг 2015 йил 28 сентябрдаги "Тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, ташқи рекламани жойлаштириш учун рухсатнома олиш «Ягона дарча» тамойили асосида кўрсатиладиган давлат хизматига киритилган. Ушбу жойлаштирилган ижтимоий рекламанинг қонунийлиги масаласи ўрганилганда «Gold Alliyance» МЧЖ Фарғона шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш «ягона дарча» марказига мурожаат қилмаганлиги, рухсатнома олинмасдан ўрнатилганлиги аниқланди.

Шу боис, ҳудудий бошқарманинг Рақобат қонунчилиги, табиий монополиялар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликларни бузилганлигини кўриб чиқувчи махсус комиссияси томонидан «Gold Alliyance» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан иш қўзғатилиб, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли тартибда кўрсатмалар берилди.

Давлат рақобат қўмитасининг матбуот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram каналида ҳам кузатиб боринг. Каналга ўтиш: https://telegram.me/uz24news_uz

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *