Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида янги давр бошланди

июл 24 / 2019

2.jpg

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш инвестицион лойиҳасини амалга ошириш доирасида чет эллик шериклар томонидан нефть етказиб бериш бошланди. Шу тариқа ҳудуднинг энг йирик корхонаси фаолиятида янги даврга дебоча қўйилди.
 
Давлат раҳбари 2019 йилнинг май ойида корхонага ташриф буюрган, вазият билан танишиб, сармоядор билан биргаликда заводнинг қувватларини модернизация қилиш бўйича биринчи навбатдаги тадбир ва вазифаларни белгилаб берган эди.
 
Шунга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этган ҳолда заводнинг қувватларини ишга тушириш ва уни модернизация қилиш дастурини ишлаб чиқиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган махсус қарор қабул қилинди. Унда Евро-4 ва Евро-5 стандартларига жавоб берадиган бензин ва дизель ёқилғиси ҳамда API стандартлари бўйича II ва III гуруҳдаги юқори сифатли автомобиль мойи ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
 
Ҳозирги кунда сармоядорнинг саъй-ҳаракатлари билан ишга туширилмаган қувватларни ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилиш бошланди. Хусусан, тўртта қурилма қайтадан ишга туширилди. Заводнинг энг катта муаммоси – нефть хомашёсининг тақчиллиги ҳал этилди. Бу маҳсулот ишлаб чиқаришнинг муттасил камайишига сабаб бўлиб келаётган эди.
 
Илгари завод ойига ўртача 60-65 минг тонна нефтни қайта ишлаган бўлса, энди бу кўрсаткич босқичма-босқич уч баробаргача оширилади. Келгусида эса қайта ишлаш ҳажмини 4-5 баробаргача кўтариш мақсад қилиб қўйилган. Бунинг натижасида ҳозиргача 192 мутахассис ўз иш ўрнига қайтди, уларнинг сони 400 га етказилади.
 
Заводнинг қувватларини ишга тушириш ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш маҳаллий бюджетга қўшимча равишда салмоқли солиқ тушумларини таъминлайди, бу эса ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатади.
 
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини уч босқичда модернизация қилиш режалаштирилган. Лицензия эгалари сафига АҚШнинг Honeywell UOP, Франциянинг Axens, Даниянинг Haldor Topsoe ва дунёдаги нефтни қайта ишлаш технологияларини ишлаб чиқарувчи бошқа етакчи компаниялар киради.
 
Лойиҳани амалга ошириш учун сармоядор томонидан GS компанияси (Жанубий Корея) мутахассислари жалб қилиниб, улар заводни техник кўрикдан ўтказди. Тўпланган маълумотлардан корхонани модернизация қилиш лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилади.
 
Биринчи босқичда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи маҳаллий бозор учун ишлайди, истиқболда эса юқори сифатли харидоргир нефть маҳсулотларини Тожикистон, Қирғизистон, Афғонистон каби қўшни давлатларга етказиб беришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Масалан, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Афғонистон ҳукуматлараро комиссиясининг 17 июль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган биринчи мажлиси доирасида «Transasia Resources» компанияси билан Афғонистонга 1 миллион тонна нефть маҳсулотлари етказиб бериш тўғрисида битим имзоланган.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *