Фарангиз Режаметованинг ўлимига сабаб бўлган ЙТҲ тафсилотлари маълум қилинди

июл 21 / 2018

alt

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати актриса Фарангиз Режаметованинг ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, 20 июль куни соат тахминан 21:15 атрофида Mercedes-Benz машинаси Абдулла Қодирий ва Маҳатма Ганди чорраҳасидаги пиёдалар ўтиш жойида Фарангиз Режаметовани уриб кетган. Автомобилни 23 ёшли йигит бошқараётган бўлган. 

Ҳайдовчи жабрланувчини касалхонага олиб борган, аммо Фарангиз йўлда оламдан ўтган.

Ҳодиса гувоҳлари ҳайдовчи тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган қизга йўл бермасдан, уни уриб юборганини маълум қилган.

Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилган. Бу модда бўйича ҳайдовчи айбдор деб топилса, 7 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

1993 йилда туғилган Фарангиз Режаметова артистлар сулоласи вакили эди. Унинг онаси — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотима Режаметова, бобоси — Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган артист Тўғон Режаметов. Фарангиз Зулфиқор Мусоқовнинг «Ойижон» фильми, «Сеҳрли қалпоқча», «Уй бекаси» каби ўнлаб кино ва сериалларда роль ижро этган. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *