Эронда бўлиб турган Ўзбекистоннинг 28 фуқароси ортга қайтарилади

мар 13 / 2020
alt
Президент Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида кўрсатмасига мувофиқ, Эронда бўлиб турган жами 28 нафар Ўзбекистон фуқаролари ортга қайтарилади. Бу ҳақда Ҳукумат расмий манбаси хабар бермоқда.
 
Қайд қилинишича, топшириқ бўйича Мудофаа вазирлиги томонидан Эронга инсонпарварлик юкини етказиш учун ажратилган ҳаво кемасида айни жараёнда Эронда қолиб кетган 14 нафар юк ташувчи ҳайдовчилар, тадбиркорлар, талабалар – жами 28 нафар Ўзбекистонлик фуқаролар олиб келинади. 
 
Улар ва самолёт экипажи аъзолари қайтиб келгач, белгиланган тартибда малакали шифокорлар, соҳа мутахассислари назорати остида икки ҳафта муддатда карантинда сақланади.
 
Эслатиб ўтамиз, Эрон Ислом Республикаси ҳукумати Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга янги коронавирус COVID-19 касаллиги тарқалишини бартараф этиш учун зарур бўлган тиббий буюмлар ва воситалар билан таъминлашда амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан мурожаат қилган эди.
 
Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан Эроннинг ушбу мурожаатини қўллаб-қувватлаш, шунингдек мазкур хавфли инфекцияга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида стерил тиббий қўлқоплар, ҳимоя қилувчи комбинезонлар, махсус тиббий формалар, ниқоблар, дока, спирт, гигиеник геллар ва дори воситалари сингари умумий оғирлиги қарийб олти тонна бўлган тиббий буюмлар шаклида инсонпарварлик ёрдами юборилган.
 
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги инсонпарварлик юкини шакллантириш ва етказиб бериш учун масъул этиб белгиланган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *