Энди фақат йўловчи ва юк ташийдиган ҳайдовчилардан малака оширганлиги ҳақида сертификат талаб қилинади

фев 06 / 2019

alt

Депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 135-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди. Унга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори ҳужжатни кўздан кечиришда барча юридик шахсларга тегишли автотранспорт ҳайдовчиларидан эмас балки фақат йўловчи ва юк ташишга ихтисослашган ҳайдовчилардангина малака оширганлиги ҳақида сертификатни кўрсатишни талаб қилиши мумкин. Бунда кўпчиликнинг таклифи ва ҳақиқатан ҳам фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш кўзда тутилди, деб ёзади депутат Расул Кушербаев ўз телеграм каналида.
 
Маълумот учун: ушбу модда йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқарганлиги учун жарима қўллашга бағишланган.
 
Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда киритилган вариантидан фарқли равишда депутатларнинг таклифлари билан лойиҳа иккинчи ўқишда қайта ишланиб, йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқаришда зарур бўлган ҳужжатлар қаторида транспорт воситаларида фақатгина “йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчининг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати” бўлиши зарурлиги назарда тутилди. Яъни барча юридик шахс ҳайдовчларилари эмас, фақат йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчиларнинг малака оширганлиги тўғрисидаги сертификати бўлиши ҳақида гап кетмоқда. Шунингдек, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда гувоҳнома олган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бу талабдан мустасно эканлиги кўзда тутилмоқда.
 
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил сентябрда Ҳукумат юридик шахсларга тегишли автотранспортни бошқараётган ҳайдовчиларнинг малакасини мажбурий ошириш тартибини жорий қилди. Унга кўра, 2018 йил 1 январдан автотранспорт ҳайдовчиларининг малакасини ошириш билан шуғулланиш мутлақ ҳуқуқи «Avtotest Report» МЧЖ га берилганди. Жамоатчилик орасида фаол мунозараларга сабабчи бўлганлиги боис таомилни қайта кўриб чиқишга қарор қилинди. Натижада 2018 йил 1 июндан ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш барча юридик шахслар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.  
 
UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *