Чилонзордаги ЙТҲда икки киши вафот этди, яна икки киши касалхонага ётқизилган

янв 10 / 2020

alt

9 январь куни соат 23:30 да Чилонзор тумани Бунёдкор кўчасида жойлашган Халқлар дўстлиги саройи қаршисида иккита автомобиль иштирокида йўл транспорт ҳодисаси рўй берди, деб хабар қилади Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, “Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси 44 ёшли Д. М. Ислом Каримов кўчасига бурилишдан олдин светофоргача бир неча метр масофа қолганида тор жойда тўхтаган. Тезликни ошириб ҳаракатланиб келаётган “БМВ” автомобили  “Ласетти”га тўқнашиши оқибатида автомобилларда ёнғин келиб чиққан.

“Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси ва 6 ёшли йўловчиси Д.М. Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ ва Миллий гвардия ходимлари томонидан қутқарилгач, жароҳат ва куйишлар билан шифохонага етказилган. Яна икки нафар йўловчилар – 44 ёшли И.М. ва 8 ёшли Я.М. воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган.

“БМВ” автомобили ҳайдовчиси воқеа жойидан яширинган. ЙТҲ содир бўлганида автомобилни бошқарган ҳайдовчининг шахсини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.  

ЙТҲнинг тахминий сабаби: “БМВ” автомобили ҳайдовчиси тезликни кескин оширган.

ЙТҲ факти бўйича Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси (“Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш”) “а” банди 3-қисми билан жиноий иш қўзғатилди.


 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *