Бухоролик "олтин балиқча"лар фермер ва унинг ишчисини қимматга туширди

фев 03 / 2019

alt

Бухоролик фермер ва унинг ишчиси Навоий шаҳрида Муҳайё (исми ўзгартирилди) билан “танишишади”. Кейин эса қайта “танишишади” ва яна... Бу танишув уларга қимматга тушди, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.

Қисқача айтганда, гарчи бу танишлари безор бўлса ҳам аёл уларнинг фермер хўжалигига ойма-ой бориб турар, еб-ичиши ҳамда кийинишига пул бериб турмаса, “танишув”лар акс этган видеотасвирларни интернетга жойлаштириб, оиласи ва маҳалласи олдида шармандасини чиқаришини айтиб қўрқитарди.

Шу йўл билан Муҳайё ижарада турган уйини таъмирлатиб, “олтин балиқча” фермерлардан бир дона телевизор ундирди. Табиийки, ойма-ой тўлаб борилган ижара пуллари бунинг ичига кирмайди.

Навбатдаги ташрифлардан бирида Муҳайё Саттор (исми ўзгартирилди) исмли қариндоши билан келади. Буни қарангки, келишдан кўзланган мақсад унинг кўнгли автомашиналик бўлишни тусаётгани экан. Саттор топган “Матиз”нинг пулини тўлаб беришса, “тинч” қўйишини айтади.

27 миллион сўмлик дастлабки тўловни амалга оширган “олтин балиқча” фермерлар, қолган 20 миллион сўмни бир ой ичида тўлаш шартига рози бўлиб, ўз ёғларига ўзлари қовурилиб қолаверадилар.

— Асли Бухоро вилоятининг Бухоро туманилик фермерларнинг вилоят ИИБ бошлиғига қилган мурожаати асосида бошқармамизнинг Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбирлар ўтказилди, — дейди вилоят ИИБ матбуот хизмати раҳбари Ўктам Усмонов. — Тадбирда юқорида исмлари ўзгартирилган ҳолда келтирилган фуқаролар видеотасвирларни интернетга чиқармаслик, фермерлик фаолиятига аралашмаслик шарти эвазига талаб қилган “Матиз” автомашинаси учун 47 миллион сўмлик тўловнинг қолган 20 миллион сўмини олаётган пайтларида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Айни кунларда мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *