Бухорода ИИБ махсус машинасида фуқаронинг тўсатдан вафот этиши юзасидан қўзғатилган жиноят иши ҳаракатдан тугатилди

апр 28 / 2019

alt

Вобкент туман ИИБ навбатчилик қисми махсус автомашинасида тўсатдан вафот этган фуқаро Шуҳрат Сирожевнинг маст ҳолатда автомашина бошқаргани аниқланган. Бу ҳақда «Дарё» маълум қилди.

2018 йилнинг август ойида Шуҳрат Сирожев ИИБ машинасида вафот этганидан сўнг вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари томонидан ЖКнинг 206-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатидан четга чиқиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва Вобкент туман ИИБ ходимларининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган эди.

Сирожевнинг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида ўтказилган судга оид тиббий экспертизанинг бирламчи маълумотига кўра, фуқаронинг ўлими тилнинг орқага кетиши оқибатида юқори нафас йўлларининг беркилишидан келиб чиққан механик асфиксия натижасида юзага келган.

Вобкент туман ИИБ бошлиғи биринчи ўринбосари, майор Азиз Ашуровнинг билдиришича, туман ИИБ ходимлари ўз хизмат вазифасини бажарган.

— Шу куни Кумушкент қишлоғи ҳудудидаги дўкондорлардан биридан «102» га чақирув хабари келган. Унга кўра, Шуҳрат Сирожев пиво ичиб, маст ҳолатда автомашина бошқарган. Дўкондор Шуҳрат Сирожевнинг бу юришида автоҳалокат содир бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан холи эмаслигини билдирган. Шунга асосан, туман ИИБ навбатчилик қисми махсус автомашинаси билан ҳудудга борилган ва ҳақиқатан Сирожев пивохонада бўлган. Унинг мастлигини аниқлаш мақсадида тиббий кўрикдан ўтказишга олиб кетилган. Йўлда эса ўлим ҳолати содир бўлган. Мазкур ҳолат бўйича эса ишни прокуратура олиб борди. Биз эса кейинги ҳолатни айтиб беролмаймиз. Чунки ўзимиз тўлиқ хабардор эмасмиз. Вобкент туман ИИБ навбатчилик қисми махсус автомашинасида бўлган тизим вакилларининг бири нафақага чиқарилган бўлса, бири Жондор туман Жиноят қидирув бўлимига ишга жўнатилди, — деди Азиз Ашуров.

1983 йилда туғилган Шуҳрат Сирожевнинг тасодифан вафот этгани хусусида «Дарё» мухбирига ўзини таништиришни истамаган фуқаролардан бири қуйидагиларни маълум қилди:

— Вафот этган безорилик қиладиганмас, оғир, босиқ, вазмин уста бола эди. Кумушкент қишлоғи ҳудудидаги дўкондорлардан бири боланинг ичган ҳолда машина ҳайдаганини, автоҳалокат содир бўлиши мумкинлигини рўкач қилиб, «02» га хабар етказган. Қулоққа чалинган гап-сўзларга қараганда, маст ҳолдаги бу бола Кумушкент қишлоғидан назорат машинасида мажбурлаб олиб келинган, дўппосланган. Милицияхонага етиб келгунча, жон берган, дейишди. Ўз кўзимиз билан кўрмаганмиз, шунинг учун кимнидир айблашдан йироқмиз.

Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Шуҳрат Сирожевнинг онаси Муяссар Жумаева билан телефон орқали боғландик.

— Қишлоқдаги яқин қариндошларимиздан бири Ҳ.С. ҳудуддаги дўкондорлардан. Ўғлим ва унинг ўртасида аввалдан келишмовчилик бор. Ваҳоланки, узоқ йиллар ўғлимни Россияга ишга олиб кетиб, кўп кўргуликларни бошимизга солди. Ўғлим машинада жияни Қуддуз Ражабов билан пиво ичиб турганида ғараз мақсадда «02»га хабар берган. Ҳеч қандай жанжал, тўполон бўлмаган. Аммо шу топда милиция ходимлари келиб, ўғлимни машинадан мажбуран тортиб туширган. Қаршилик кўрсатмоқчи бўлган Қуддузнинг қўлини қайириб, синдиришган, — деди марҳумнинг онаси.

Бухоро вилояти прокуратурасидан марҳум Шуҳрат Сирожевнинг ўлими бўйича жиноят иши ҳаракатдан тугатилгани ҳақида Раҳмон Сирожевга хат келган. Унда иш бўйича ўтказилган суд экспертизасининг 2018 йил 13 сентябрдаги хулосасига кўра, Шуҳрат Сирожевнинг ўлими – оғиз бўшлиғида тилнинг орқага кетиши оқибатида юқори нафас йўлларининг хиқилдоқ-ҳалқум тешиги тўлиқ беркилишидан келиб чиққан механик асфиксия оқибатида рўй бергани айтилади. Тергов натижасига кўра, Вобкент туман ИИБ ХПП профилактика инспектори Ҳ.Ғофуровга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми, 2-бандига асосан ҳаракатдан тугатилган.

— Ўғлим соппа-соғ эди. Унда ҳеч қандай касаллик кузатилмаган. Бироқ, «Ўғлингизнинг аҳволи оғир, юрагининг мазаси йўқ экан», деб нохуш хабарни етказишди. Моргга борганимда, шундоқ ўғлимнинг бошини кўтарсам, икки қўлим қон бўлди. Лат еган, шилинган жойлари ҳам йўқ эмасди. Оғир аҳволга солингани, калтаклангани кўриниб турганди. Ўғлимнинг ўлимига асосий сабабчи бўлганларга нисбатан чора кўрилмади. Юқори турувчи органларга мурожаат этишга мажбурмиз, — деди марҳумнинг онаси Муяссар Жумаева.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *