Бухорода 13 та йирик саноат лойиҳалари ишга туширилади

мар 10 / 2017

Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи давомида аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган бир қанча лойиҳалар билан танишмоқда

Давлатимиз раҳбари Бухоро шаҳридаги “Бухоро бриллиант силк” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида бўлди. 

2010 йилда ташкил этилган, замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган корхонада пилла қайта ишланиб, турли ўлчам, кўриниш ва рангдаги матолар тайёрланмоқда. Бунда буюртмачи таклифи ва бозор талаби асосида иш тутилмоқда. Ҳозир бу ерда “Баҳор”, “Ёмғир”, “Юлдузлар” каби ўнлаб кўринишдаги матолар ишлаб чиқарилмоқда. Матога босилган гулларнинг ўзига хослиги шундаки, уларнинг ранги ўчмайди, сув ва қуёш нурига чидамли. 

Маҳсулот буюртма асосида Фарғона, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги харидорларга етказиб берилмоқда. Тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб бориляпти. 

Айни пайтда “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонасининг ипак толалари хорижда харидоргир. Ўтган йили корхонанинг Эрон, Вьетнам, Туркия, Ҳиндистонга қилган экспорт ҳажми қарийб 2,5 миллион долларга тенг бўлди. 

Президент корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишди. 

Шавкат Мирзиёев шу ерда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорик жамияти томонидан собиқ “Бухоротекс” АЖ негизида ташкил этиладиган “Индорама Индаст ЛТД” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишди. Бухоро вилоятида етиштирилган пахта толасини қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхона ишга тушгач 400 га яқин иш ўрни яратилади. Корхонага “Ритер” компаниясининг (Швейцария) замонавий ва энергиятежамкор технологияларини ўрнатиш кўзда тутилган. 

Президент “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан 2017-2018 йилларда Бухоро вилоятида пахта толасини қайта ишлаш дастури лойиҳаси билан ҳам танишди. 

Бугун Бухорода етиштирилаётган пахта толасининг 20,6 фоизи вилоят ҳудудида саноат усулида қайта ишланмоқда. Ишлаб чиқилаётган янги лойиҳа бўйича вилоятнинг 7 та шаҳар ва туманида 13 та йирик саноат лойиҳасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу вилоятда етиштирилган пахта толасининг 65 фоизини қайта ишлаш имкониятини яратади. Натижада 5 мингга яқин иш ўрни яратилади. 

Дастурни бажариш учун мамлакатимиз тижорат банклари маблағлари ва чет эл инвестициясини жалб қилиш режалаштирилган. 

Ердан унумли фойдаланиш натижасида тутзорлар барпо этиш бўйича янги лойиҳа тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Юртимизда етиштирилган ипак толасига дунё бозорида талаб юқори. Давлатимиз раҳбари мазкур соҳани янада ривожлантириш, тут плантацияларини кўпайтириш бўйича тегишли кўрсатмалар берди. Ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларида қишлоқ хўжалигининг биз янги ўзлаштираётган соҳалари бўйича мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш керак. 

Бухоро шаҳрида ишга туширилаётган “Бухоро коттон текстиль” корхонаси лойиҳаси билан танишар экан, Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда етиштирилган пахтани тола кўринишида сотиш энг кам даромад келтиришини, пахта толасини қайта ишлаб, экспортбоп тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтиришимиз зарурлигини таъкидлади. 

1000 кишининг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган корхонада 6,5 минг тонна ип-калава, 10 минг квадрат метр газлама (жинси) ва 1,5 миллион дона тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 

Президентга Олот туманидаги “Мергантекс” масъулияти чекланган жамияти, Пешку туманидаги ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўп тармоқли корхона, Бухоро шаҳрида пахта етиштиришдан тайёр тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб оладиган пахта-тўқимачилик кластери тузиш, табиий ва кимёвий толалардан интеграция асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. 

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

  • БухороМехмон
    10 март 2017, 22:02

    Ташрифнинг 1-кунида юкоридагилардан маълумки бошка вилоятларга караганда намунали кузга куринарли жойлари(2та ёдгорлик мажмуасини хисобга олмаганда) ,саноат корхоналари(енгилидан бошка) мутлоко йук экан.Вилоятнинг иктисодий ахволи жуда ачинарли,ишлаб чикариш корхоналари йук хисоби.Кадимда Буюк ипак йулидаги энг машхур давлат булган Амир Олимхон давридаги тиллаларга бой,барча давлатнинг хаваси ва хасади келадиган Бухоромиз каёкда колди? Вилоят хокимининг янгича услубдаги йулларни таъмирлаётгани эса дард устига чипкон булди,ёгингарчиликда йулларда юриб булмайди.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *