"Бу фожиада фақат аёлни айблаш тўғри эмас" — Хотин-қизлар қўмитаси ҳожатхонага ташлаб кетилган бола воқеаси ҳақида

июл 11 / 2019

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда боласини туғиб ҳожатхонага ташлаб кетган деновлик аёл воқеаси кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 
 
Хотин-қизлар қўмитаси ушбу ҳолатга муносабат билдираркан, бу ҳолатда фақат аёлни айблаш нотўғри эканини таъкидлади: 
 
— Ҳозирда жиноят содир этган аёл ҳақида шов-шувли эътироз ва ҳақоратга тўла минглаб изоҳлар ва фикрларни кузатяпмиз. Бироқ, Хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа ташкилотлар ҳам аёл катта хато, ҳатто жиноят қилиб қўйса ҳам у аёлга нисбатан омманинг нафратини қўзғатишга, “бу аёлга ўлим” қабилидаги кайфиятни уйғотишга ҳақли эмас. Чунки барча қатламдаги зарбага учраган, жинояти замирида битта ўзи турмаган аёлларни ҳам ҳимоя қилиш қонунга зид эмас.
 
Тўғри, боласини туғиб шу аҳволга солиш - албатта, ҳеч қачон оқланмайдиган хол. Бироқ, аввало масала негизида ётган яна бир ҳақиқат – шу ҳолатни содир этишда маънавий маънода аёл билан теппа-тенг айбдор бўлган эркак омили, унинг тарбиясию шу фожеадаги “ҳиссаси” етарлича баҳоланмайди. Бундай ҳолларда аёлга нисбатан зўравонлик ҳолатини “ўзи хоҳлагани учун бирга бўлган”, “вояга етганку” деган изоҳлар билан ёпиб юбориш ҳам аслида аёлга нисбатан ҳақли муносабат эмас.
 
Маълум бўлишича, аёл — Ф.Т.нинг маълумоти ўрта-махсус, отаси ишлашга рухсат бермаганлиги учун уйида тикувчилик билан шуғулланиб келган. Оилада 6 фарзанд – 2 нафар ўғил, 4 нафар қиз улғаймоқда.
 
Амакисининг ўғли 1990 йилда туғилган ўзи билан бир маҳаллада яшовчи А.Т. унинг номусига теккан. Қиз ҳомиласини “ҳожатхонага ташлаш учун” кўтариб юрган 9 ой давомида ҳеч ким ҳеч нарсани сезмаган.
 
Бола 2 июлда туғилган, онаси ва ўзидан бошқа ҳеч ким билмаган. Отаси ва ака-укасидан қўрққанидан, қариндош-уруғ, қўни-қўшнидан уялганидан онаси билан келишган ҳолда болани йўқ қилиш учун шу йўлни топган. Бола  ҳожатхона янги тозаланганлиги ва орқа томони билан тушганлиги сабабли ва ўз вақтида топилиб, тиббий ёрдам кўрсатилганлиги учун тирик қолган, ҳозирда саломатлиги яхши.
 
Туман Хотин-қизлар қўмитаси раиси оиладан хабар олган. Отаси ҳам, оила аъзолари ҳам воқеадан хабар топгач яна бир хатоликка йўл қўйиб қўймаслиги учун уларга вазиятни борича қабул қилиши ва яна кескинлаштирмаслиги тушунтирилган. Ҳозир вазият назоратга олинган, болага гувоҳномани расмийлаштириш чораси кўрилмоқда.
 
Боласини туғиб ҳожатхонага ташлаб юборган аёлнинг қилмишини мутлақо оқламаган ҳолда, ҳолат юзасидан қўзғатилган тергов иши якунларини кутиб, ушбу аёлни, унинг оиласини ҳозирги мураккаб руҳий ҳолатдан олиб чиқиш билан шуғулланиш Хотин-қизлар қўмитасининг вазифаси, дейилади қўмита ахборотида.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *