Боқувчисини йўқотганлик пенсияси кимларга берилади?

фев 20 / 2019

alt

Вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олиш ҳуқуқига эга.

Марҳумнинг қарамоғида турмаган, аммо марҳум вафот этгандан кейин маълум вақт ўтгач кун кечириш учун зарур даромад манбаидан маҳрум бўлиб қолган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам пенсия олиш ҳуқуқига эга.

Ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга.

Меҳнатда майибланганлик ёки касб касаллигига чалинганлик оқибатида вафот этган боқувчининг оиласига ҳам пенсия тайинланади, бунда боқувчининг неча йил ишлаганлиги, яъни иш стажидан қатъи назар пенсия белгиланади.

Умумий касаллик оқибатида вафот этган ҳамда ногиронлик пенсиясини тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган марҳумнинг оила аъзоларига пенсия тайинлашда боқувчининг бор иш стажи эътиборга олинади.

Ариза қаерга топширилади?

Пенсия тайинлашни сўраб ариза яшаш жойидаги Пенсия жамғармаси бўлимига ёки вафот этган боқувчининг охирги иш жойига берилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак:

– пенсия тайинланаётган шахснинг ёшини тасдиқловчи туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки паспорт;

– оила аъзосининг вафот этган боқувчи билан қариндошлик муносабатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;

– боқувчининг вафот этганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ёки унинг бедарак йўқолганлиги тўғрисида суднинг қарори;

– вафот этган боқувчининг иш стажини, шу жумладан махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

– вафот этган боқувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси;

– вафот этган боқувчининг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома.

Қанча миқдорда пенсия берилади?

Пенсия миқдори вафот этган пенсионер (боқувчи)нинг иш ҳақидан ҳисоблаб чиқилади.

Пенсия тайинлаш тўғрисидаги қарор ариза тушгандан кейин ўн кун муддатда қабул қилинади.

UZ24: Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *