Бир хонали уйга мулк ҳуқуқи берилмайдими?

апр 23 / 2019

alt

Қўшним узоқ йиллар оиласи билан яшаб келаётган уйини мерос қилиб фарзанди номига ўтказмоқчи бўлди. Лекин уйнинг ҳеч қандай ҳужжати йўқ эди. Иморатни сотиб сотолмаса, мерос қилиб қолдиролмаса, нима қилиш керак? Бу ҳақда ЎзА батафсил маълумот бермоқда.

Бу каби муаммо кўпчиликни қийнаб келаётган эди. Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги “Фу­қа­роларни ижтимоий қўллаб-қув­ватлаш бў­йича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўз­бошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармони халқимиз кўнглидаги ташаббус бўлди.

Кўплар ушбу имкониятдан фойдаланиб, ўзбошимчалик билан қурган иморатига мулк ҳуқуқи ва мерос қилиб қолдириш имкониятига эга бўлди. Шу жумладан, қўшним ҳам иморатни фарзандига мерос қилиб қолдириш имконидан мамнун.

Аммо айрим фуқаролар ҳамон сарсон. Нима эмиш, яшашга шароит бўлиши керак, бир хонали уйга мулк ҳуқуқи берилмайди. Ер участкасида камида икки хонали уй солинган бўлиши керак.

"Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳамда ер участкасига умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисида туман ҳокимининг қарорини олиш мақсадида Шаҳрисабз туман Давлат хизматлари марказига мурожаат қилдим.

Бунинг учун участкадан бир хонали уй кўтаргандик. Уй шаҳарсозлик талабларига жавоб бермайди, деган хулоса билан аризамиз рад этилди. Уйнинг ички ва ташқи қисмини сувадик, гилам тўшаб яшашга шароит яратдик. Сўнг яна ариза билан мурожаат қилдик. Энди эса, уйингиз бир хона бўлса, аризангиз яна қайтарилади. Уни икки хона қилиш керак, деган турли гапларни эшитяпман. Кўнглимга ғулғула тушди. Бир марталик акция муддати 1 майда тугайди. Бу вақт ичида иккинчи хонани қуриб бўлмайди-ку!”, дейди фуқаролардан бири ўз мурожаатида.

– Президент фармонига асосан 2018 йил 20 апрелга қадар қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи маълум бир шартлар асосида берилади, – дейди Давлат хизматлари агентлиги етакчи маслаҳатчиси Женис Досимбетов. – Агар ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой аҳоли пунктларининг бош режалари ва уларнинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига, қишлоқ фуқаролари йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига (мавжуд бўлганда) зид бўлса, мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасида қурилган иморатлар шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузиб қурилган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса, бундай иморатларга ҳам мулк ҳуқуқи берилмайди. Юқоридагиларга кўра, ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойнинг бир ёки икки хонали эканлиги мулк ҳуқуқини бериш ёки рад этиш учун асос бўлмаслиги лозим.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга мулк ҳуқуқини беришда шу кунга қадар 130 мингдан ортиқ қонунбузилиши ҳолатлари аниқланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори асосида тасдиқланган низом талабларига риоя этмаган 1200 дан ортиқ туман (шаҳар) комиссия аъзоларининг масъул ходимлари Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан маъмурий ҳамда 387 та масъул шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Ўтган давр мобайнида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини олиш учун 750 минг 469 нафар фуқаро томонидан Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилинган. Шундан 249 минг 286 та мурожаат бўйича мулк ҳуқуқи берилган, 89 минг 484 та мурожаат рад қилинган, 82 минг 910 та мурожаат бўйича бир марталик йиғим тўланиши кутилаётган бўлса, 411 минг 699 та мурожаат комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, акция муддати узайтириладими ёки йўқми, ўзбошимчалик билан қурилган турар жойга мулк ҳуқуқи берилмаган фуқароларга қандай жазо қўлланиши ҳақида расмий маълумот йўқ.

Хабар ва янгиликларни ОдноклассникиFacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *