Беморга ёрдам бермоқчи бўлган ҳамшира унинг бувиси томонидан калтакланди

янв 07 / 2020

alt

Ижтимоий тармоқларда тарқалган аёл кишининг ҳамширани дўппослагани акс этган видеохабар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан атрофлича ўрганилди ва вазирлик қўйидагиларни маълум қилади.

2020 йил 5 январ соат 19:00 атрофида Сурхондарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг қабул бўлимига 2017 йил туғилган бемор Ф.М.нинг тана ҳарорати юқори эканидан шикоят қилиб, амакиси ҳамда бувиси томонидан мурожаат қилинади.

Қабул бўлими ҳамшираси С.Б. биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида беморнинг тана ҳароратини ўлчайди. Тана ҳарорати юқори эканини аниқлаган ҳамшира ҳароратни тушириш мақсадида парацетамол шамчасини қўйиш учун беморни муолажа хонасига олиб киришни кўрсатади. Шунда тўсатдан беморнинг бувиси сабабсиз ҳамширанинг шахсиятига тегадиган ҳақорат сўзлар билан бақириб, уни калтаклайди.

Шунга қарамай, қабул бўлимида навбатчи шифокор А.Н. томонидан бемор Ф.М.га биринчи ёрдам кўрсатилган ва “Ўткир респиратор касаллиги” ташхиси билан стационар даволанишга ётқизилган.

Боланинг амакиси, бувиси ва қариндошлари томонидан калтаклаган ҳамшира С.Б. “Бош мия чайқалиши, чап чакка соҳаси юмшоқ тўқималарининг эзилиши” ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали травматология бўлимига ётқизилган. Беморнинг аҳволи тажрибали шифокорлар томонидан назоратга олинган бўлиб, малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан вилоят ички ишлар бошқармаси ва вилоят прокуратурасига мурожаат қилинган. Мазкур вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *