Асакада 55 ёшли фельдшер калтакланди

сен 07 / 2019

alt

Жорий йил 6 сентябрь куни Андижон вилояти Асака туман тиббиёт бирлашмасининг Тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли “Шарқ ҳақиқати” шохобчасида ишловчи 55 ёшли фельдшер Б.Гадоев бемор олиб келган фуқаро С.Н. томонидан калтакланган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.

Дастлабки маълумотларга қараганда, кечки пайт соат 20.00 атрофида “Шарқ ҳақиқати” тиббиёт шохобчасига оғир жароҳат олган бемор олиб келинади. Шифокорлар беморга зудлик билан биринчи ёрдамни кўрсатади. Тиббий кўрик пайтида беморга ўзгалар томонидан тан жароҳати етказилганига ишонч ҳосил қилган тиббиёт ходимлари хизмат вазифасидан келиб чиққан ҳолда, туман ички ишлар бўлимига  хабар бермоқчи бўлади. Лекин беморни олиб келган фуқаро тез тиббий ёрдам фельдшерининг бурнига боши билан зарба берган ва калтаклай бошлаган. У бундан ташқари, ҳовлида турган тез тиббий ёрдам автомашинасига ҳам зиён етказган.

Ушбу ҳолат ҳақида туман ички ишлар бўлимига хабар берилгач, маълум вақт ўтиб ички ишлар ходимлари воқеа жойига етиб келади.

Жароҳат олган фельдшер эса туман шошилинч тиббий ёрдам бўлимига олиб борилган. Бўлимда унга “Бурун суяги ёпиқ синиши. Чап тирсак, тизза бўғимининг юмшшоқ тўқималари лат ейиши. Пастки жағ чап соҳасининг йиртилиши ва юмшоқ тўқималарининг лат ейиши” ташхиси қўйилган.

Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.