Арзон нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлар рўйхати кенгайтирилади

ноя 13 / 2016

 alt

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида истеъмол товарлари, жумладан, арзон нархдаги озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Маълумки, бугунги кунда юртимизда 160 мингдан зиёд фермер хўжаликлари фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларнинг 36 мингдан ортиғи кўп тармоқли йирик субъектлардир. Уларда деҳқончилик ёки чорвачилик билангина чекланиб қолмасдан, балки замонавий технологиялар, ихчам қайта ишлаш ускуналари жалб этилган ҳолда, қўшимча тармоқлар ўзлаштирилган. Бу аҳоли, айниқса, қишлоқ одамларининг бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлмоқда. Мустақиллик йилларида пахта майдонлари деярли 2 баробар қисқартирилиб, уларнинг ўрнига дон, сабзавот, полиз, мойли экинлар экилиб, боғ ҳамда токзорлар барпо этилмоқда. 2016 ¢€” 2020 йиллар мобайнида 170,5 минг гектар пахта ва 50 минг гектар ғалла майдонлари ўрнига озиқ-овқат экинлари экилиши белгиланиб, жорий йилнинг ўзида пахта майдонлари 30,5 минг гектарга қисқартирилди. Буларнинг самараси ўлароқ, мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 2 баробардан зиёд ошди, хусусан, картошка 7 марта, мева қарийб 6.3 марта, сабзавот 2,6 марта, сут ва сут маҳсулотлари 1,7 марта, гўшт 1,3 баробар ўсди.  Ўзбекистон жуда қисқа вақт ичида ғалла мустақиллигини қўлга киритиб, дон ва дон маҳсулотларини экспорт қилувчи давлатлар сафидан мустаҳкам ўрин эгаллади. 1990 йилда атиги 1 миллион тоннадан зиёдроқ ғалла ҳосили етиштирган деҳқон ва фермерларимиз 2015 йилда 7 миллион 300 минг тоннадан зиёд сара дон йиғиштириб олишга эришишди. 

Юртимизда озиқ-овқат маҳсулотлари захиралари фақат экин майдонларини кенгайтириш ҳисобигагина эмас, балки жаҳоннинг илғор тажрибалари, замонавий ва интенсив агротехнологиялар татбиқ қилинаётгани, истиқболли навлар яратилиб, амалиётга жорий қилинаётгани туфайли мустаҳкамланаётир. Умуман олганда, уруғчилик тизимини ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш бўйича илғор технологиялар жорий этилиши ҳисобига охирги 5 йилда қайта ишланган маҳсулотлар ҳажми қарийб 5 маротаба ошди.

Ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 42,2 фоизи чорвачилик соҳаси ҳиссасига тўғри келади. Ушбу жабҳада эркин бозор механизмлари шакллантирилгани, кўплаб имтиёзлар тақдим этилаётгани натижасида чорва моллари сони ҳамда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми муттасил равишда ортиб бораяпти. 2015 йил якунларига кўра, барча тоифадаги хўжаликларда қорамоллар сони 1991 йилдагига нисбатан 2,4 баробарга, жумладан, сигирлар сони 2 баробар, паррандалар сони‚ 1,8 марта кўпайгани шундай дейишимизга тўла асос бўла олади.

Озиқ-овқат саноати соҳасида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, мавжудларини модернизациялаш ва қувватларни ошириш мақсадида 2020 йилга қадар фақат давлат инвестиция дастурларига кўра 304 та йирик лойиҳалар ва 5000 та янги ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиши режалаштирилган. Бу эса йилига қўшимча равишда 100 минг тонна озиқ овқат саноати маҳсулотлари, 130 хилдаги янги маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга имкон беради. Мазкур лойиҳаларда янги технологияларни жорий этиш ва хом ашёни чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор берилади ва уларнинг аксарияти қишлоқ жойларида амалга оширилади.

O¢€˜zLiDeP Матбуот хизмати

UZ24: Хабар ва янгиликларни Facebook ҳамда Telegram'да ҳам кузатиб боринг

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *