Шифокорга пичоқ билан тажовуз қилмоқчи бўлган фуқарога нисбатан жиноят иши очилди

мар 11 / 2020

alt

Ижтимоий тармоқларда Андижонда шифокорларга пичоқ билан тажовуз қилинганлиги акс эттирган видеолавҳа тарқалган эди. Ушбу ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда вазирлик жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
 
Қайд қилинишича, жорий йил 29 февраль куни соат 22:31да Андижон шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг Травматология бўлими қабулхонасига 2001 йилда туғилган М.Ф. исмли аёл бемор юз-кўзидан жароҳат олиб мурожаат қилган. Бемор шифокорлар кўригидан ўтаётганда турмуш ўртоғи томонидан калтакланганини айтган.
 
Ўрнатилган тартибга кўра, ўзгалар томонидан жароҳат олган ҳолат мавжуд бўлса, тиббиёт ходими ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тезкор хабар бериши шарт. Акс ҳолда жиноят яширганлик ҳолати билан жавобгарлик тортилиши мумкин. Шунга мувофиқ, шифокор Т. У. зудлик билан мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар бўлимига хабар беради.
 
Хабар берилганлигидан норози бўлган бемор аёлнинг эгизак укаси Х. исмли шахс эътироз билдиради. Шифокор унга ўрнатилган тартибни тушунтиргандан сўнг, беморнинг укаси шифокорни уятли сўзлар билан ҳақорат қила бошлайди. Шифокор унга сўкинмаслигини айтади. Улар орасида тортишув Х.нинг пичоқ орқали шифокорга тажовуз таҳдиди билан давом этади. Атрофидаги бир нечта одамлар Х.ни агрессив ҳолатдан қайтаришга уринишади. Аммо у ҳаракатларини давом эттириб, пичоқни шифокор томонга отиб юборади. Бироқ ушбу пичоқ атрофдаги бошқа шахсга тегади. Бемор яқинлари ва атрофдаги бошқа шахслар томонидан Х. мажбуран тинчлантирилиб, қабулхонадан олиб чиқиб кетилади.
 
Эри томонидан калтакланган аёл М.Ф. эса “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, жағ суяклари синиши, ёноқ, бош, юз, қорин, оёқ ва қўллар юмшоқ тўқималари жароҳати” ташхиси билан мазкур филиалнинг Нейрохирургия бўлимида жорий йил 4 март кунига қадар даво муолажаларини олади.
 
“Видеода ёш йигит агрессив ҳаракатлар қилиб, шифокорга пичоқ ўқталган, жароҳат етказишга уринган, ҳаттоки, пичоқни отиб юборган. Ушбу ҳолатда фуқаро нафақат тиббиёт ходимлари, балки атрофдаги инсонларга ҳам зарар етказиши мумкинлигини ўйламагани ачинарли. Нима бўлганда ҳам, шифокорларга тажовуз қилишга уринган фуқаро хатти-ҳаракатларига нисбатан ҳуқуқий баҳо берилиб, қонуний чоралар кўрилиши лозим”, дейилади вазирлик баёнотида.
 
Ушбу вазият юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан жиноят иши очилиб, ўрнатилган тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *