Андижонда беморнинг ўғли шифокорнинг устига бензин сепиб, уни ёқиб юбормоқчи бўлди

авг 22 / 2019

alt

21 август куни Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида даволанаётган бемор Аҳмедова Инобатхоннинг ўғли мазкур тиббиёт муассасасининг ортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими ходимларига тажовуз қилди.
 
Бемор И.Аҳмедова 2010 йилда умуртқа поғонасининг бел қисми остеохондрози, 4-5 бел умуртқалараро диск чурраси хасталиги туфайли Андижон Давлат тиббиёт институти клиникасида оператив даволанган. 2017 йилда бемордаги умуртқа поғонаси бел қисми остеохондрози, 4-5 умуртқалараро диск чуррасини олиш операциядан кейинги ҳолати 1-2 бел умуртқалари сегменти ностабиллиги, пастки парапарез асорати ташхиси билан Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида қайта операция амалиёти ўтказилган. Операция жараёнида чуррани бартараф қилиш ва умуртқа поғонаси бел қисмига транспедикуляр мосламани ўрнатиш амалиёт бажарилган. Шундан сўнг Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ортопедия ва жароҳатлар оқибатлари бўлими шифокори Бобур Шавкатов қабулига саломатлиги билан боғлиқ тиббий маслаҳатлашувларга қатнаб келган. 2019 йилнинг июль ойида шифокор Б.Шавкатов томонидан қайта кўрикдан ўтказилган. Беморга стационар даволаниш тавсия этилган. Шунда бемор ва қариндошлари Тошкент шаҳридаги тиббиёт марказларидан бирига тиббий маслаҳат олишга бориб келиш истагида эканликларини билдиришган. 
 
19 август куни бемор И.Аҳмедованинг ўғли Файзулло марказга келиб, Бобур Шавкатовга учрашган. У онасини Тошкентдаги “AKFA Med line” хусусий клиникаси мутахассислари кўригига олиб борганини, у ерда шифокор томонидан кўрикдан ўтказилганини айтган. Беморнинг ўғлининг сўзларига кўра, шифокор гўёки аввалги операциялар нотўғри қилинганини, ҳозирда қайта операция қилиш лозимлигини, ушбу операцияларни Республикамиз мутахассислари амалга ошира олмаслиги, шунинг учун Германиядан мутахассис чақириш кераклигини уқтирган.
 
Бемор Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий марказига кўрикка борган. У ерда мутахассислар томонидан кўрикдан ўтган. Ташхисга кўра, беморни ҳозирги безовта қилаётган ҳолатга сабаб бел қисмидаги операциялар эмас, балки умуртқа поғонасининг кўкрак қисмидаги сариқ боғламнинг гипертрофияланган қисми орқали орқа мияни эзилиши натижасида рўй бераётгани сабаб қилиб келтирилган. Улар томонидан умуртқа поғонасининг кўкрак қисмида операция қилиш лозимлиги айтилган.
 
Ушбу суҳбат давомида Бобур Шавкатов ҳозирда беморга ҳеч қандай операция шарт эмаслигини тушунтирган. Беморга консерватив, яъни медикаментоз ва физиотерапевтик муолажа ўтказиш лозимлигини тушунтирган. Беморнинг ўғли бунга рози бўлиб, даволаниш учун келишларини айтиб кетган. 
 
21 август куни бемор нейрохирургия бўлимига имтиёзли йўлланма асосида ётқизилган. Бўлим шифокори Оталиков Абдураим бемор ва унинг ўғли Файзулло билан суҳбатлашган. Суҳбат давомида беморга ҳозирда мазкур муассасада медикаментоз ва физиотерапевтик муолажалар ўтказилишини, Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия марказига эса 2019 йилнинг 4-чорагида имтиёзли йўлланма асосида юборилишини тушунтирган. 
 
Шундан сўнг, Бобур Шавкатов операцияни тугаллаб чиқаётганда Файзулло у билан суҳбатлашмоқчи эканини айтган. Шифокор Файзуллони ўз хонасига таклиф қилиб, олиб кирган. Шунда Файзулло Бобур Шавкатовга рентгенограммани қайта кўриб беришини илтимос қилган. Б.Шавкатов рентгенограммани ёруққа қараб кўраётган вақтда Файзулло унинг орқасидан келиб, бўйнидан бўға бошлаган. Бобур Шавкатов қаршилик қилиб, тажовуз қилаётган шахснинг қўлидан озод бўлишга ҳаракат қилган, аммо Файзулло янада қаттиқ бўға бошлаган. Шунда Бобур Шавкатов ҳушини йўқотган, ҳушига келган вақтда қўллари орқага қилиб боғланган ҳолда, стол остида ётган бўлган. Бобур Шавкатов Файзуллодан уни стулга ўтқазиб қўйишни сўраган. Файзулло шифокорни столга ўтқазиб, ундан зудлик билан “AKFA Med line”га қўнғироқ қилиб, керакли мутахассисни чақиртириб, онасини шу ерда операция қилдириб беришини талаб қилади. Бобур Шавкатов ундан қўлларини боғламдан чиқаришини сўраган. Шу пайт Файзулло сумкасини ичидан суюқликка тўла елим идиш чиқарган, сўнг елим идишдаги суюқликни хонага ва Бобур Шавкатовнинг устига сепган. Бобур Шавкатов ушбу суюқлик бензин эканини билиб, бақира бошлаган. Буни эшитган йўлакдаги беморлар ва тиббиёт ходимлари хонага кирмоқчи бўлишганида, хона эшиги ичкаридан қулфланган бўлган. Ходимлар эшикни синдиришган. Шунда эшик ортидаги ходимларга ҳам бензин соча бошлаган. Натижада ҳамшира Мадина Эркинованинг кўзига бензин сочилиши натижасида жароҳатланган. Эшик бузиб кирилганда Файзуллонинг қўлида ёндиргич бўлган. Ходимлар ёндиргични олиб қўйиш ниятида унинг қўлига ёпишган вақтда яна бир ходим Абдувоҳид Мўминовни уриб, унга тан жароҳати етказган. Ходимлар ўт ўчириш ускунаси мосламасини ишлатиб, Файзулло ва Б.Шавкатовни устига сепганлар. Шундан фойдаланиб, Файзуллони кўпчилик бўлиб, хонадан олиб чиқилган. Унинг қўл оёқларидан ушлаб турилгач, ички ишлар ва миллий гвардия ходимлари уни олиб кетишган.
 
Тажовуз оқибатида жабрланган Бобур Шавкатов, Абдувоҳид Мўминов, Мадина Эркинова, Иззатой Мамажоновалар шифохонага ётқизилган. Уларга инфузион, детоксикацион, дегидратацион ва симптоматик терапия ўтказилган. Тиббий кўриклар натижасида ҳозирда бу ходимларнинг ҳам умумий ҳолати нисбатан қониқарли дея баҳоланган. 
 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, тез орада мазкур ҳолат юзасидан вазирликнинг муносабати эълон қилинади.
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг
 
 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *