Алишер Усмонов Россиянинг энг катта таъсирга эга мусулмонлари рўйхатидан жой олди

авг 14 / 2019

alt

Татаристоннинг “Бизнес Online” ишбилармонлик электрон нашри томонидан Россиянинг энг катта таъсирга эга мусулмонлари юзталиги эълон қилинди. Дин уламолари, давлат ва жамият арбоблари, бизнес ва спорт олами вакиллари жой олган рўйхатда ҳамюртимиз, USM Holdings асосчиси ва бош акциядори Алишер Усмонов олтинчи ўринда қайд этилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” хабар бермоқда.

Унда бошқалар қатори Алишер Усмоновнинг хайрия ишларида фаол эканлиги эътироф этилган. Хусусан, Forbes журналида 12 млрд. доллардан ортиқ бойлиги билан 9-поғонани эгаллаб турган Алишер Усмонов Татаристондаги Болгар ислом академиясига рекорд миқдорда хайрия маблағи бергани қайд этиб ўтилган. Қолаверса, Болгар шаҳрида жойлашган Оқ масжид қурилишига 250 млн.дан 650 млн. рублгача маблағ ажратган. Экспертлар миллиардер нафақат Россияда, балки бошқа мамлакатларда, жумладан, ўз ватани Ўзбекистонда ҳам ислом билан боғлиқ лойиҳалар амалга оширилишини қўллаб-қувватлаб келаётгани алоҳида таъкидланган. Масалан, у Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази учун қиймати 8 млн. долларлик китоблар тўпламини совға қилди. Уларнинг орасидан Шарқ маданияти ва ислом дунёсининг Европага таъсири ҳақидаги асарнинг лотин, инглиз, француз ва немис тилларидаги таржимаси қаторида балки Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарининг лотин тилига ўгирилган илк нусхаси ўрин олган.

Биринчи ўрин Россия мусулмонлар диний бошқармаси президиуми раиси ва муфтийлар кенгаши раҳбари Равил Гайнутдинга, иккинчи ўрин Татаристоннинг биринчи президенти, айни пайтда давлат маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритаётган Минтимер Шаймиевга, учинчи ўрин эса доғистонлик аралаш турдаги яккакураш устаси, машҳур спортчи Хабиб Нурмагомедовга насиб этди. Бу борада Татаристоннинг амалдаги президенти Рустам Минниханов тўртинчи, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бешинчи бўлди.

Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *