Акмал Саидовнинг рўмол ҳақидаги саволга жавоби нотўғри талқин қилинганлиги айтилмоқда (+видео)

авг 08 / 2019

Ижтимоий тармоқларда, айрим сайтларда Акмал Саидов билан боғлиқ вазият нотўғри ва нохолис талқин қилинмоқда, деб ёзади «Қўшни маҳалла» канали. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари мактабларда рўмол кийиб юриш ҳақидаги саволга жавоб беришни истамаган, дейилади хабарда.
 
▪️ Аслида эса воқеа бошқача бўлган:
 
Тадбир кириш сўзи билан очиб берилгандан кейин савол-жавоб бошланади. ОАВ мухбирларидан бири айнан умумтаълим муассасаларида рўмол ўраб юриш ҳақида мурожаат қилади (видеодаги диалогдан аввалроқ видеода бу мулоқот йўқ). Акмал Саидов жавоб қайтаради.
 
Кейин яна бир журналист (яъни, интернетда тарқалган ўша видеони тасвирга олган шахс) худди шу саволни такрорлайди. Ҳолбуки ушбу масала бўйича фикр билдириб бўлинган эди.
 
Бир хил саволнинг яна такроран ўртага ташланиши ва айнан савол берилаётган лаҳзадан бошлаб видеога олиниши, сарлавҳага умумий контекстдан юлиб олинган жумлаларнинг олиб чиқилиши — бунинг провокация эканига далил.
 
«Акмал Саидов ҳурмат ва мулоқот одобини сақлаган ҳолда, савол такрор эканига қарамай, яна бир бор изоҳ беришга ҳаракат қилади. Унинг сўзларига диққат билан эътибор қилинг, видеони қайта кўриб чиқинг, диалогни тўлиқ эшитинг. У «жавоб бермаган» эмас, жавоб берган!», — дейилади хабарда.
 
«Нима учун мактабларга рўмол билан киритилмайди?» деган саволга Саидов: «Мактабнинг ўз ички тартиб-қоидалари бор, ана ўша тартибда бориш керак. Мактаб — дунёвий, диний мактаб эмас», дея аниқ-тиниқ муносабат билдиради.
 
Видео муаллифи: «Ҳозир айтдингиз-ку, диний либос йўқ деб?» дейди. Қаранг! Ҳолбуки, Саидов ўз жавобида «диний либос» сўзини ишлатмаган. Шунчаки «ички тартиб-қоидалар» деяпти.
 
Яъни, ҳаммаси оддий ва тушунарли — демак, рўмол ўраб юриш мактабдаги ўша ички-тартиб қоидаларга тўғри келмайди. Тамом-вассалом! Бунинг нимаси тушунарсиз? Буни англаш учун кўп нарса шартмас, озгина соғлом фикр керак.
 
Лекин тасвирга олиб турган журналист яна «диний либос» ҳақидаги саволини қайта-қайта тиқиштиради. Журналистнинг «бир боғдан, бир тоғдан келиши»дан, мантиқан асосланмаган қистовларидан чарчаган Акмал Саидов «Мен бу саволингизга жавоб бермайман», дейди.
 
Тан олиш керак, журналистнинг ўша лаҳзада ўзини бундай тутиши, савол бериш маданиятига амал қилмагани — аслида Саидовга (унинг ўрнида бошқа одам бўлиши ҳам мумкин эди) нисбатан ҳурматсизлик. Видео парчани шу ҳолатда интернетда тарқатиши эса икки баробар ҳурматсизлик — аввало ўз-ўзига, касбига ва жамоатчиликка нисбатан ҳурматсизлик.
 
«Бундай нотўғри талқинлар, маълумотни бузиб етказишлар, дезинформациялардан эҳтиёт бўлинг. Нохолис ёндашув билан бир-биримизни обрўсизлантириб қўймайлик», — дейилади хабарда.
 
Видео
 
Хабар ва янгиликларни FacebookTwitterTelegram'да ҳам кузатиб боринг

 

Электрон манзилингиз кўрсатилмайди. Белгиланган майдонлар тўлдирилиши шарт *